Қонунларга киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар билан ер муносабатларининг аниқ механизми ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 708-қонуни билан “Ер кодекси”га бир қатор ўзгариш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, ушбу Кодекснинг 9-моддасига кўра, “Ерларни ер фонди тоифаларига бўлиш ва бир тоифадан бошқасига ўтказиш вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан амалга оширилади, бундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш мустасно”;

“Суғорилмайдиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади, суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади”.

Ушбу Кодекснинг 44-моддасига кўра, “Суғориладиган ерлардан фақат қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, шунингдек боғдорчилик, узумчилик ва кўп йиллик дов-дарахтлар етиштириш учун фойдаланилиши мумкин.

Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитлар, ерларнинг сув билан таъминланганлиги, улардаги мавжуд сув ресурслари ҳамда бу сувларга белгиланган лимитлар инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг хулосасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади”.

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар билан ерларнинг бир тоифадан бошқа тоифага ўтказиш механизми ва ваколатли органлар аниқ белгилаб берилди.

Бу келгусида ерларнинг фуқаролар, юридик шахслар ва че эл юридик шахсларга ажратилишида муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 17-моддасига кўра, “Юридик шахслар ушбу Кодексга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мулк, доимий фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлиши мумкин.

Жисмоний шахслар ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлиши мумкин.

Чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкин, бундан ушбу Кодекс 18-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг 2021 йил 1 августга қадар ер участкаларига нисбатан юзага келган доимий эгалик қилиш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ва муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқлари ўз кучида қолади, бундан ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилинган ҳоллар мустасно.

Юридик ва жисмоний шахслар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган, ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда хусусийлаштиришга ҳақли”.

Ўзгартиришга кўра, ер участкаларининг ажратилишини соддалаштирилган тартиби жорий қилинди.

Илгари қонунга кўра, ер участкалари фуқароларга 0,06 гектаргача ажратилган бўлса, эндиликда Кодекснинг 27-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилиниши белгилаб берилди.

Қонун билан ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишда фуқаролар, юридик шахслар билан биргаликда, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ҳам иштироки белгилаб берилди.

Улар томонидан ер муносабатлари соҳасидаги суиистеъмолликлар тўғрисида фото- ва видеоёзув техникасидан фойдаланилган ҳолда тасдиқланган хабарлар берганлик учун рағбатлантирилиши белгилаб берилди.

Эндиликда ушбу ўзгаришлар билан қонунда фуқаролар, юридик шахслар ва че эл юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган муносабатларини аниқ механизми белгилаб берилди.

 






Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяс                                                А.Р.Мухиддинов