Тадбиркорлар ҳуқуқлари қонун билан кафолатланган
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 53-моддасида, Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини, барча мулк шакллари тенг ҳуқуқлилигини ва баб-баравар ҳуқуқий муҳофаза этилишини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги кафолатланган.
Мазкур конституциявий норма маъносидан келиб чиқиб, ҳар ким тадбиркорлик фаолияти ва қонун билан тақиқланмаган бошқа иқтисодий фаолиятда ўз қобилияти ва мулкидан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига кўра, тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) – тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўз таваккалчилиги ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.
Тадбиркорлик фаолияти субъектларига белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркор) киради
Якка тартибдаги тадбиркорлик деганда, қонунга кўра, жисмоний шахс томонидан мустақил равишда, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тушунилади.
Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган кафолатларни бузишда айбдор бўлган шахслар, бундай ҳаракатлар хусусияти ва келиб чиққан оқибатларга боғлиқ равишда, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш деганда қуйидагилар тушунилади:
мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш;
тадбиркорлик субъектларини пул маблағлари ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш ;
имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш;
иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган ўзга тўловларни тўлаш учун пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш ;
тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатларини бузиш ;
давлат хизмати кўрсатишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёхуд уни кўрсатишдан бўйин товлаш;
қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган статистика ва бошқа ҳисоботни, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олиш ;
Хўжалик субъектлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга (хўжалик субъектлар фаолиятини қасддан текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш; хўжалик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш; қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда хўжалик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни талаб қилиб олиш) йўл қўйган мансабдор шахслар МЖтКнинг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилишлари лозим.
Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашишга қаратилган шундай ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилишлари лозим .
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар давом эттирилмоқда
Тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили қонун даражасида жорий этилган.
Қашқадарё вилоят
маъмурий суди судьяси Б.Қиличов