Суд ҳуқуқ тизими-ислоҳотларнинг янги босқичи

      Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, кейинги тўрт йилда  суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўтган даврда судлар тузилмаси замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди.  Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил қилинди.

            Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш , аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, хусусан аёл судьяларни қўллаб қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

            Инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилди. 2017 йилга қадар 6 суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги йилларда бу инстанциялар сони учтага қисқарди. Халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилиб, биринчи инстанция, апелляция ва кассация инстанцияларидан иборат бўлган “Бир-суд бир инстанция” тамойили жорий қилинди.

            Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб, бу борада ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёт йўлга қўйилди.  Судлар томонидан қабул қилинган қарорлар Олий суднинг веб сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда. Айниқса, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борада шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

            Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар  мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, жумладан, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил суд самарадорлигини бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузини ошишига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

            Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида “Адолат бу давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўрин эгаллайди” деган фикрларини суд соҳасидаги ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши нечоғли аҳамиятга эга эканлигини яққол тасдиқлайди.

            Шу ўринда суд тизимининг янги бир соҳаси, маъмурий судлар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. 2021 йил 1 январдан суд тизимининг ушбу соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, туман(шаҳар)лардаги маъмурий судлар тугатилиб, вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлар ташкил қилиниб, маъмурий судларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш ваколати, туман(шаҳар) жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.  Ташкил этилган туманлараро маъмурий судлари ва вилоят маъмурий судлари  оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид низоларни кўришга ихтисослаштирилди.

            Оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг  асосий хусусияти сифатида унда иштирок этувчи томонларнинг бири бўлиб, давлат ҳокимияти субъектининг иштирок этиши белгиланган.  Шу билан бирга, оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг субъектлари сифатида бир томонда жисмоний ва юридик шахслар, иккинчи томонда давлат органлари билан бир қаторда ҳокимият ваколатларига эга бўлган субъектлар, масалан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари бўлади.

         2018 йил 25 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида кодексининг 26-моддасига биноан, Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ёки ушбу соҳадаги низода иккинчи томон сифатида давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятини амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари намоён бўлади.

         Маъмурий судларнинг хорижий давлатлардаги фаолиятига назар солсак, 150 йиллик тарихга эга бўлган Германия маъмурий суди 19 асрда янги шаклланиб келаётган буржуазиянинг монарх ҳокимиятини чеклаш учун тузилганлигини кўриш мумкин.  Маъмурий органлар монарх қўлида, яъни бўйсунувида бўлган. Буржуазия маъмурий органларнинг парламент томонидан қабул қилинган қонунларга асосан фаолият юритишини талаб қилган. Айни шу ҳолат  қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилган. Мустақил маъмурий судлар маъмурий органнинг қонунларга риоя қилишини суд тартибида назорат қилган.

Хулоса ўрнида халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки мамлакатимизда 2017 йилда маъмурий судларнинг ташкил этилиши ва 2021 йилда бу соҳани такомиллаштирилиши мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳимоясини кафолати бўлиб хизмат қилади.

Қашқадарё вилоят маъмурий

 судининг судьяси                                                                  Баҳриддин Ахмедов