Одам савдоси – инсон эркинлигига таҳдид

      Одам савдосининг бутун инсониятга хавф солаётган глобал муаммо эканини бугун кўпчилик яхши билади. Унинг турлари, шакллари ва одамларни тузоққа туширишда ишлатиладиган усуллари ҳақида матбуотда бот-бот маълумот бериб келинаётганига қарамай, ушбу уюшган трансмиллий жиноят кўлами кундан-кунга кенгайиб, унинг домига тортилаётганлар сони кўпайиб бормоқда.

      Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра 2012 йили 20,9 млн. нафар одам мажбурий меҳнат ва шаҳвоний эксплуатация қурбони бўлган. Бу Австралия аҳолиси сонига тенг дегани.

      «Walk Free Foundation» ташкилоти томонидан 2014 йили эълон қилинган «Глобал қуллик индекси» («Global Slavery Index»)да одам савдоси қурбонлари сони янада ўсгани қайд этилади. Унга кўра мазкур рақам 35,8 млн.ни ташкил этади.

      Одам савдоси оқибатида инсонлар товарга айланадилар. Яъни улар сотиб олиниши ёки сотиб юборилиши, ҳатто ҳадя қилиниши ҳам мумкин. Мазкур уюшган трансмиллий жиноят мажбурий меҳнат, шаҳвоний хизматларга мажбурлаш, инсон аъзоларини трансплантант қилиш, чақалоқларни сотиш, инсонларни тиланчиликка мажбурлаш, мажбурий никоҳ ва репродуктив вазифалар эксплуатацияси (сунъий оналик, мажбурий бола туғиш), ёлланма аскарлик каби кўринишларда намоён бўлади.

      Аксарият ҳолларда аёллар ва болалар, аҳолининг ижтимоий кам таъминланган қатлами вакиллари одам савдосининг қурбонига айланаяпти. Айрим давлатларнинг иқтисодий тараққиётида катта тафовут мавжудлиги, одамларни меҳнатга мажбурлаш ва арзон ишчи кучини жалб этиш орқали харажатларни камайтириш ҳамда фойдани кўпайтиришга интилиш, гендер тенгсизлик муаммоси инсоният учун шармандали бўлган ушбу жиноятнинг авж олишига сабаб бўлмоқда.

      Одам савдоси жинояти аллақачон глобал «саноат»га айланиб улгурган. Мазкур «бизнес» орқали олинадиган миллиардлаб ноқонуний даромад салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра 2014 йили мажбурий меҳнат орқали қўлга киритилган даромад 150 млрд. АҚШ долларини ташкил этган. Бунинг энг кўп қисми Осиё мамлакатлари (51,8 млрд. АҚШ доллари) ҳамда Осиёга туташ иқтисодиёти тараққий этган давлатлар (46,9 млрд. АҚШ доллари) ҳиссасига тўғри келмоқда.

      Одам савдоси жабрдийдалари инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқ ва қадр-қимматидан маҳрум бўлиб, улардан тахминан 70 фоизи мажбурий меҳнат, 20 фоизи эса шаҳвоний қулдорлик улушига тўғри келади. БМТ гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг сўнгги маълумотларига кўра одам савдоси 124 мамлакат ҳудудида учраган, унинг жабрдийдалари 152 давлат фуқаролари ҳисобланади.

      Юқорида таъкидланганидек, одам савдоси трансмиллий характердаги жиноятдир. Жабрланувчилар асосан ўз юртидан бошқа давлатларга транзит қилиш ва чегаралардан ўтказиш орқали пулланади. Мазкур жиноий фаолият бир мамлакат ҳудудида бошланиб, бошқа мамлакат ҳудудида тугаши ёки бир неча давлат ҳудудида содир бўлиши мумкин. Шу боис одам савдосига қарши фақат бир давлат ёки минтақа мамлакатлари кураш олиб боргани билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу иллатга барҳам беришда кенг миқёсли ҳамкорлик талаб этилади. Шу сабабдан ҳам кейинги йилларда ушбу масала БМТ фаолиятининг етакчи йўналишларидан бирига айланди.

      2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастурининг қабул қилиниши одам савдосига қарши курашни халқаро миқёсда янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

      Бундан ташқари, 2000 йили БМТ «Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида»ги протокол (уни «Палермо протоколи» ҳам деб аташади)ни қабул қилди. Бугунги кунда 166 мамлакат мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган мажбуриятларни бажариб келмоқда. Палермо протоколи дунёнинг турли давлатларида одам савдосига қарши кураш борасида ягона ёндашув ишлаб чиқилишига ёрдамлашиш, мазкур жиноий фаолиятга қарши халқаро миқёсда биргаликда курашиш, тергов ва суд қилишга ёрдамлашишга қаратилган. Протокол, шунингдек, одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Мазкур халқаро ҳуқуқий акт БМТнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича глобал ҳаракат дастурига таянади.

      2013 йили Бош Ассамблея Глобал ҳаракат дастурининг қай тарзда амалга оширилаётганини баҳолаш мақсадида юқори даражадаги учрашувни ташкил этди. Унда аъзо мамлакатлар томонидан A/RES/68/192-резолюция қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг 5-бандига мувофиқ одам савдоси жабрдийдалари ҳолати тўғрисидаги хабардорликни ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш зарурати муносабати билан 2014 йилдан бошлаб 30 июль «Жаҳон одам савдосига қарши кураш куни» деб эълон қилинди. Ушбу сана, мана уч йилдирки, БМТга аъзо мамлакатлар, ушбу ташкилот тизимидаги муассасалар, бошқа халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан кенг нишонланмоқда.

      БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Жаҳон одам савдосига қарши кураш куни муносабати билан йўллаган мурожаатида бутун жаҳон ҳамжамиятини барча учун адолат ва қадр-қимматни таъминлаш мақсадида одам савдосига қарши курашиш бўйича бор куч-ғайратни бирлаштиришга даъват этди.

      Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йиллар мобайнида республикамизда одам савдосининг оқибатларини чуқур англаган ҳолда унга қарши курашиш, юртдошларимизни мазкур жиноят қурбонига айланиб қолишдан асраш, ундан жабр кўрганларга ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Кези келганда, мамлакатимизда ушбу соҳада катта тажриба тўпланганини, бу борада ҳатто айрим ривожланган давлатлардан ҳам илгарилаб кетганимизни таъкидлаш жоиз. Шу йилнинг 26 апрелида пойтахтимизда бўлиб ўтган «Одам савдосига қарши курашиш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашган халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги тажрибасини эътироф этишди.

      Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази томонидан Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Австрия, Албания, Жанубий Корея, Исроил ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар, юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, прокуратура ҳамда ИИВ органлари, вазирлик, идора, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этишди. Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш аҳволи ва бу борада кўрилаётган чоралар хусусида маълумот берилди. Халқаро экспертларнинг Австрия, Албания, Жанубий Корея, Исроил давлатларида одам савдосига қарши курашиш тизими, Халқаро миграция ташкилотининг мазкур глобал муаммога қарши курашишдаги ўрнига бағишланган маърузалари тингланди. Шу билан бирга, хорижлик меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган чоралар, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларнинг ижроси, соҳага оид қонунчилик базасининг яратилгани юзасидан батафсил тушунтириб берилди.

      Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани бу борадаги ютуқларнинг бош омили бўлмоқда. Бироқ хотиржамликка берилмаслигимиз керак. Зеро, огоҳлик заруратини ҳис этган ҳолда ҳар томонлама кураш олиб борсаккина юртимизда бу иллатнинг пайини қирққан бўламиз.

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                              Бахром Нармуратов