Қашқадарё вилоят судья ва суд ходимларига “Адолат” ахборот тизимлари ҳамда Интерактив хизматлардан фойдаланиш бўйича тренинг бўлиб ўтди

          Бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ахборот коммуникация технологияларини судлар фаолиятига жорий этиш ва  суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса одил судловни амалга ошириш, судлар фаолиятини очиқлиги ва шаффофлиги, тезкорлигини таъминлашда, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштиришда, аҳолининг судга бўлган ишончини оширишга ёрдам берида.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли Қарорида ҳам суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш юзасидан бир қатор муҳим топшириқлар берилганлиги ҳам бу йўналиш ҳозирги кунда долзарб эканлигини англатади.

         Судларга “Адолат” ахборот тизимлари комплекси ҳамда Интерактив хизматлар порталидан (my.sud.uz) фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш бўйича жорий йилнинг 29 май куни Қашқадарё вилоят иқтисодий суди биносида ҳудудий тренинг бўлиб ўтди.

         Ушбу тренинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва БМТ ТД “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси менеджери бошчилигида ўтказилиб, тренинг ўтказилишидан асосий мақсад суд раислари, судьялар ва суд ходимларининг “Адолат” ахборот тизимлари комплекси, унинг таркибига кирувчи ахборот тизимлари ва ресурслари, маълумотлар базалари, хизмат ва модуллардан ҳамда Олий суднинг интерактив хизматлар порталида ишлаш тартиби ва аҳамияти юзасидан кенг тушунтиришлар бериш орқали суд ходимларини билим ва кўникмаларини янада оширишдан иборат.

         Бундан ташқари, тренингда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли Қарорига асосан:

         2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

          2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

         2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

        2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш каби 2020 ― 2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ва унинг аҳамияти юзасидан ҳам тушунтиришлар бериб ўтилди.

         Тренинг сўнгида юқоридаги масалалар ҳамда судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларни жорий этишда юзага келаётган муаммо ва камчиликлар юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди.