“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги ЎРҚ-931-сон Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига (бундан буён матнда давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан;

ўз устав фондида (устав капиталида) ушбу модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этилади.

Манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият.

Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

холислик;

коррупцияга нисбатан муросасизлик.

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш чоғида:

махсус бўлинмага маслаҳат сўраб мурожаат этиш;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда кўрсатилиши керак бўлган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотларни электрон ёки ёзма шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими:

ўз лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини виждонан бажариши ва уларнинг бажарилишига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўз шахсий манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши;

лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўзининг бевосита раҳбарини (ташкилот раҳбари — юқори турувчи раҳбарни) ёки махсус бўлинмани хабардор қилиши;

ўзининг бевосита бўйсунувидаги ходимларни ёки бошқа ходимларни бевосита ёки билвосита ўзининг шахсий манфаатларини кўзловчи ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) мажбурламаслиги;

ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилот назорати остидаги ташкилотдан ёки унинг таркибий бўлинмасидан ишга қабул қилиш тўғрисида таклифлар келиб тушганлиги ҳолати ҳақида бир иш куни ичида хабар бериши;

бошқа ходимларга нисбатан ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисида хабар бериши;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш мақсадида махсус бўлинманинг сўровига кўра маълумотлар тақдим этиши шарт.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ахборотни ва материалларни давлат органларидан ёки бошқа ташкилотлардан сўраб олади ва ўрганади;

давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўрганади;

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади;

Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди;

давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар учун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича услубий тавсияларни эълон қилади;

манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришилиши устидан назоратни амалга оширади;

махсус бўлинмалар ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни, уларда тегишли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитишни ташкил этади;

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённомани тузади ва уни кўриб чиқиш учун судга юборади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бераётган давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, шунингдек жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг манфаатлар тўқнашуви юзага келаётган яқин қариндошининг фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда) ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимига алоқадор шахснинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборот.

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларни ўз ичига олиши, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг ва (ёки) унинг бевосита раҳбарининг (айрим ҳолларда, унинг ўринбосарининг) ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши керак.

Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва аниқлашда иштирок этадиган ходимларга ишониб топширилган ёхуд уларга касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан маълум бўлиб қолган шахсларнинг шахсга доир маълумотларини ошкор этишга йўл қўйилмайди.

Ушбу Қонун фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судяси                                                       Б.Э.Абдимуминов

 

 Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан ЎРҚ-1047-сон Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида

Мамлакатимизда айни вақтда давлат органлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги оммавий ҳуқуқий муносабатларда маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг, хусусан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилиб келинмоқда.

Президентимиз таъкидлаганларидек, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга ошириш, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарур, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишимиз лозим. Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаш зарур.

Шу билан бирга, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.

Шу ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги
ЎРҚ-1047-сон Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судяси                                                       Б.Э.Абдимуминов

 

 “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”

Янги Ўзбекистон тараққиётининг замонавий босқичида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Айниқса, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида жамият ва давлат ҳаётида маъмурий судларнинг ўрни ва роли муттасил ортиб бормоқда. Маъмурий судларга нисбатан ишонч ортиб бораётганлигини жисмоний ва юридик шахслар томонидан қилинаётган мурожаатлар сони кўпаяётгани ҳам кўрсатиб туради.

Мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусий сектор, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошиб боришига олиб келмоқда. Бу биз маъмурий судларда солиқ органларининг қарорлари ёки солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан берилаётган ариза (шикоят)ларнинг ортиб бораётганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Бу борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда «фаол иштирок этиш» тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.

Шу билан бирга, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.

Шу ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил
30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўийач қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли Қарори қабул қилинган.

Мазкур концептуал ҳужжат “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни рўёбга чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишга, малакали тиббий хизмат кўрсатишга, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратишга қаратилган.

“Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқчил давлат” миллий дастурини ишлаб чиқиш. Давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган мурожаатларнинг Мурожаатлар билан ишлаш ягона онлайн платформасида юритилишини таъминлаш. Мурожаатларнинг давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши муддати ва сифати устидан «рақамли назорат» ўрнатиш. Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилишни назарда тутади.

Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;

давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;

маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;

давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;

маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.

Мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепсияси тасдиқланган.

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судяси                                                       Б.Э.Абдимуминов

 

Skip to content