2024 йил 14 августдаги ЎРҚ-943-сонли қонуннинг мазмун моҳияти.

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

“Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали протсессуал кодексларга фуқаролар учун қулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Конституциясига судлар ва судьялар мустақиллигини, судьялар ва улар оила аъзоларининг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, моддий ва молиявий таъминотини яхшилашга оид бир қатор янги нормалар киритилди. Зеро, ҳуқуқий демократик давлатда суд ва судьялар амалда мустақил бўлсагина қонунийлик таъминланади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланади.

Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларида белгиланган судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилинди. Ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши белгиланди. Шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларда “назорат” деган сўзлар “тафтиш” деган сўзлар билан алмаштирилди.

Бундан ташқари, судьяни қамоққа олиш шартларига ҳам ўзгартириш киритилди. Илгари судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланиши мумкин бўлса, эндиликда ушбу эҳтиёт эҳтиёт чорасини судья томонидан оғир жиноят содир этилганда ҳам қўллаш мумкин.

Қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди судьяси                                                                                                    Б.Қиличов