Қашқадарё вилоят маъмурий суди ва Қашқадарё вилоят суди томонидан “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.
Шу кунларда Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси кенг жамоатчилик эътиборида бўлиб турибди.
Стратегияда беш йўналиш;
-ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш,
-барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш,
-сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш,
-қонун устуворлигини таъминлаш,
-халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш бўйича 100 та мақсад ўрин олган.
Эътиборлиси, бу мақсадларнинг ҳар бири “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида халқимизнинг бугунги ҳаётини янада яхшилаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.
Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш, унинг ижросини ташкил этиш ва мониторинг қилиш масалалари ўз аксини топган, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида стратегияни 2023 йилда амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар ҳамда 2024 йилга мўлжаллан вазифалар акс этган. Бунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари содда ва қулай шаклда ифодалангани билан аҳамиятлидир.
Мазкур стратегияда таълим тизими ислоҳотларига ҳам алоҳида ўрин берилган. Бу – бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб, юксак тараққий этган жамият барпо этиш мушкул. Шу боис, стратегияда мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган таълим ислоҳотларини тизимли асосда давом эттириш ва янги босқичга кўтариш кўзда тутилган. Жумладан, педагоглар малакасини ошириш имкониятини кенгайтириш ва уларнинг моддий турмуш шароитини янада яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган.
Стратегияда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни чет мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш режасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Бу педагогларимиз учун катта имконият бўлиб, илғор хорижий давлатлар тажрибасини амалиётда қўллашга кенг йўл очади.
Олий таълим билан боғлиқ ишлар алоҳида эътиборга эга. Стратегияда олий таълим қамровини янада кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадлари назарда тутилган. Ҳозирги кунда ОТМларнинг асосий мақсадларидан бири малакали кадрлар тайёрлаш ва дунёнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик ўрнатишдир. Шундан келиб чиқиб, хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни ҳам жорий этиш дастури киритилмоқда.
Қувонарли яна бир жиҳати шундаки, мамлакатимиз ОТМлари кейинги йилларда сезиларли натижаларга эришмоқда. Яқинда Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти “Times Higher Education” агентлиги томонидан эълон қилинган “Тhе Impact Rankings” рейтингида мамлакатимиздаги 47 та олий таълим муассасаси қайд этилгани бунинг исботидир. Жумладан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат юридик университети нуфузли ўринларни эгаллади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат юридик университети “Times Higher Education” томонидан “Young University Rankings” рейтингида тан олинди. Ушбу мақом туфайли ТДЮУ нуфузли рейтингларга кириш учун номзод мақомига эга бўлди.
Бундан ташқари, стратегияда ҳар йили 5 минг профессор-ўқитувчини тажриба алмашиш учун хорижий илмий ташкилотларга юбориш кўзда тутилган. Ушбу дастур профессор-ўқитувчиларнинг чет элдаги илмий институтлар билан академик алмашинуви учун катта имкониятдир.
Инвестиция йўналиши бўйича ҳам катта марралар кўзланди. Хусусан, иқтисодиётга 250 миллиард долларлик янги инвестициялар, жумладан, 110 миллиард доллар хориждан, яна 40 миллиард долларлик маблағ давлат-хусусий шериклик дастурлари орқали жалб этилиши кўзда тутилган.
Бундан буён ҳар бир туманнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида рейтинг жорий этилади. 150 миллиард долларлик 500 дан ортиқ стратегик технологик ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган ўрта бизнес субъектларига 5 миллиард доллар миқдорида кредитлар ажратилади.
Қишлоқ хўжалиги саноатини ривожлантириш ҳам муҳим вазифа этиб белгиланган. Жумладан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш 25 фоиздан юқори даражага кўтарилади. Ўзбекистонда 2,5 миллион тонна сиғимга эга 100 та агрологистика маркази қурилади. 300 минг гектар интенсив боғ ва узумзор сувни тежайдиган технологиялар билан таъминланади, шунингдек, тармоқ ходимлари учун 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Пиллачиликни ривожлантириш мақсадида тут плантацияларига яна 105 минг гектар ер ажратилади. Пахта ҳосилдорлиги гектарига 45–50 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги 80–85 центнерга етказилади.
Стратегияда миллий кинематографияни ривожлантириш кўзда тутилди. Бу борада Муҳаммад Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо ҳақида дунё кино бозорларида рақобат қила оладиган янги бадиий фильмлар яратиш мақсадлари ўз аксини топган. Буюк аждодларимизга бағишланган юқори сифатли фильмлар суратга олиниши ўзбек маданиятини бутун дунёга янада кенгроқ очиб бериш имконини беради.
Миллий кинематографияни ривожлантириш учун миллий фильмларнинг нуфузли халқаро кинофестивалларда иштирокини таъминлаш ҳамда энг оммабоп интернет платформаларига жойлаштириб бориш назарда тутилган. “Netflix”, “Amazon”, “Disney” каби энг оммабоп 10 та интернет платформасининг фильмларга технологик талабларини ўрганиш ва мослаштириш мақсади ёшлар ва кино ихлосмандлари учун энг яхши хабар бўлди. Ушбу платформалар орқали халқимиз сифатли ва асл дубляжда фильмлар томоша қилиши мумкин бўлади. Таъкидлаш жоизки, ушбу платформалар муаллифлик ҳуқуқининг юқори ҳимоясига эга, бу эса одамларни сифатсиз фильмлар томоша қилишдан огоҳлантириш имконини беради.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган ва амалга оширилиши давом этаётган, ўз аҳамиятини йўқотмаган барча долзарб мақсад ва вазифалар бажарилиши таъминланади.
Бунда бош мақсад эътиборлидир. Президент фармонида таъкидланганидек, халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсади сифатида белгиланди.
Стратегиянинг тўртинчи йўналиши – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш мақсадларига алоҳида аҳамиятга эга.
Президентимиз йиғилишларда “Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик. Янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлигини муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш”, деб эътироф этган.
Мана шу мақсадлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ўз аксини топгани эътиборлидир. Юқорида таъкидлаганимиздек, стратегиянинг бош мақсадларидан бири – адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш ҳисобланади.
Жумладан, стратегиянинг тўртинчи йўналиши 87-мақсади, айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятини халқ манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бағишланган. Унга кўра, ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб, иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқлар ёрдамида тўлиқ рақамлаштириш борасидаги вазифалар белгиланган.
Бу вазифа ва мақсадларнинг аҳамияти нималарда кўзга ташланади? Қайд этиш жоизки, ХХI асрга ахборот технологиялари асри сифатида қаралмоқда. Шу сабабли, жамият фаолиятининг турли соҳаларига инновацион технологиялар шиддат билан кириб келмоқда.
Қўшимча тергов қилинадиган ишлар суръати ошган бўлиб, ушбу иш юкламасини енгиллаштириш эса соҳада илғор рақамли технологиялардан фойдаланишга бўлган талабни оширади.
Айни талаб, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда ҳам ўз долзарблигига эга. Дунёдаги трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси ва аянчлиси одам савдоси, афсуски, бизнинг даврда ҳам кўпайиб бормоқда. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бераётгани ҳам сир эмас.
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 2,7 миллион киши, жумладан, 600–800 минг атрофида аёллар ва болалар одам савдоси қурбони бўлмоқда. Ушбу жиноят туфайли дунё бўйича йилига 7 миллиард АҚШ доллари атрофида пул ноқонуний айланади. Мазкур статистика тергов органлари олдига ҳар бир ҳолатда адолатни қарор топтириш вазифасини қўяди.
Телекоммуникация ва электротехника соҳасидаги замонавий технологиялар жадал ривожланиши айрим жиноятчилар томонидан кўплаб жиноий ҳаракатларни содир этиш натижасида катта фойда олиш имконини бераётганини кундалик ҳаётимизда кузатиб турибмиз. Лекин баъзи ҳолларда уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли далилларни ўз вақтида тўплаш имкони бўлмайди. Шу сабабли, бу жараёнга ҳам инновацион технологияларни жорий этилди.
Трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш амалиёти нафақат унга қарши кураш воситалари ва усулларини такомиллаштиришни, балки жиноят ишларини тергов қилиш бўйича янги процессуал механизмлар яратишни ҳам талаб қилди.
Суриштирув, тергов ва суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирги вақтда жиноят ишларида исботлаш воситалари ва усуллари тизимида янги техник воситалар муваффақиятли қўлланилаяпти.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят иши юзасидан барча исботлаш йўллари ва далилларни тезкор ва аниқ қайд этишга имкон берадиган аудио, видео ёзувлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланишда катта тажриба тўплаган. Бугунги кунда жиноятларни тезкор ва қисқа муддатда тергов қилиш ва жазо муқаррарлигини таъминлашда бир қанча инновацион технологиялардан фойдаланиб келинмоқда.
Маълумки, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар асосан чет элга мўмайгина даромад топиш ваъдаси билан бошланади ва хорижий давлатда фаолият олиб бориш ҳақида сўз юритилади. Тергов амалиётида ушбу турдаги жиноятларни тергов қилиш вақтида хорижий давлат фуқароларининг ҳам кўрсатувларини олишга тўғри келади. Бу эса кўп вақт сарфига ва исботлаш субъекти олдида катта муаммоларни вужудга келтиради.
Агар биз “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида соҳага доир кўзда тутилган мақсадларни тўлақонли амалга оширишни истасак, қуйидаги усулларни амалга оширимиз муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, барча тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш керак. Бу жиноятни тергов қилишда ва суд жараёнида жиноят процесси вақтини камайтиради. Мамлакатимизнинг исталган манзилида яшовчи гувоҳ, жабрланувчи ва бошқа процесс иштирокчилари билан боғлиқ тергов ҳаракатларини олиб бориш, томонларнинг барча иштирокчиларини тўлиқ сўроқ қилиш, тақдим этилган далилларни ўрганиш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳати: маълумки, жиноят процессида ўз қилмишидан пушаймон бўлган гумонланувчилар билан бирга жабрланувчига нисбатан адоват билан қаровчи жиноят содир этган шахслар ҳам кузатилади. Шундай вазиятларда юзлаштириш тергов ҳаракатлари вақтида масофавий тергов ҳаракатининг аҳамияти катта. Шунингдек, тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш керак бюджет маблағларини тежашга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида инсон ҳуқуқларини, адолатни таъминлашга доир барча мақсадлар жамиятимизда инсон қадрини юксалтириш тамойилларини амалиётга кенг тарғиб қилишни кўзлаётгани билан аҳамиятлидир.
Нармуратов Бахром Зиядуллаевич
Қашқадарё вилоят маъмурий
судининг судьяси
Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ўтказилган президентлик сайлови яна бир бор жамиятимизнинг сиёсий етуклиги, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватлаганидан далолат бермоқда.
Шу билан бирга, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.
Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш
Мақсадида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги 158-сонли “Ўзбекистон-2030” стратегияси қабул қилинди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида
барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;
аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;
аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;
мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ғоялари акс эттирилган.
I. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш.
II. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш.
III. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.
IV. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувиини ташкил этиш.
V. “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилигига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.
4-йўналиш бўйича, аҳоли пунктларида икки ва ундан ортиқ полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини (тугмали) светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш. |
Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш. |
Судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш. |
Маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш. |
Судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш. |
Судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш. |
Маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш. |
Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизиниэлектрон шаклда келиб тушишига эришиш. |
Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизидаҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш. |
Суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш. |
Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш. |
Бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш. |
Ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш. |
Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш. |
Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизинихусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш. |
Жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш. |
100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлаш. |
Адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигинитаъминлаш. |
Адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш. |
Адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш. |
Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш. |
«Transparency International» халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришиш. |
Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш. |
Давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш. |
100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш масалалари киритилган.
Қарши туманлараро маъмурий
судининг судьяси Л.С.Зайниддинова
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Қашқадарё вилоят маъмурий суди