Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг қарорлари ва ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги) юзаисдан низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари
Маҳалла жамиятимизнинг энг муҳим бўғини сифатида ҳар биримизнинг ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади. Оилаларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, юртимиз равнақига ҳисса қўшишда маҳалла фуқаролар йиғини ва уларнинг раисларини ўрни беқиёс.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, бугунги маҳалла раиси забардаст, ҳозирга замонга ва шароитга муносиб, билимли бўлиши керак бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига кўра, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни (оқсоқолни) сайлайди.
Ўзбекистон Республикасида жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли) сайловлари бўлиб ўтди. Сайловда муносиб номзодлар халқ вакиллари томонидан сайланди. Сайлов билан боғлиқ низоли ишлар маъмурий судларда кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши бу фуқароларнинг халқ ҳокимиятини бевосита амалга ошириши, давлат ва жамият ишларида тўғридан-тўғри иштирок этиши воситаси ҳисобланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг асосий вазифаси фуқароларни маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишда мустақил фаолият олиб боришини таъминлашдан иборат.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонунчилик билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга оширади.
Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият кўрсатмоқда.Фуқаролар йиғинининг қарорларини бажариш ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролар йиғинлари оралиқ давридаги жорий фаолиятини амалга ошириш учун фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг раислари ва йиғиннинг масъул котибидан иборат таркибда фуқаролар йиғинининг кенгаши тузилади. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини ташкил этишни унинг кенгаши ҳамда фуқаролар йиғинининг раиси амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасига кўра, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, шу жумладан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судларга тааллуқли бўлади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги)га нисбатан аризалар келиб тушганида, тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни ҳал этишда қўлланилиши лозим бўлган соҳа фаолиятини тартибга соладиган қонун ва қонуности ҳужжатларини аниқлаш, тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи фактларни, ишни ҳал этиш учун зарур далиллар доирасини, ишда иштирок этиши лозим бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиш лозим.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш соҳасидаги фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуни (14.04.1994 йил, янги таҳрири 12.04.2013 йил)., Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 июндаги 380-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролар йиғини тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини комиссиялари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик тузилмалари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғинларида иш юритишни ташкил қилиш ва олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низомлар билан тартибга солинади.
Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган аризалар(шикоятлар) Ўзбекистон Республикаси МСЮтКнинг 16-бобида белгиланган умумий қоидаларга мувофиқ иш юритишга қабул қилинади.
Аризаларни иш юритишга қабул қилишда биринчи навбатда арз қилинган талаб предметини аниқлаш лозим бўлади.
Низо предмети бўлган маъмурий ҳужжатнинг ташқи субъектларга йўналтирилганлиги, ҳуқуқий оқибатни юзага келтириб чиқариши ва аниқ, индивидуал бўлиши ҳақидаги белгилари мавжудлигига эътибор қаратиш керак.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунига кўра, фуқаролар йиғини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда, ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда мустақил бўлиб, аҳоли манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан тегишли ҳудуд доирасида амал қиладиган қарорлар қабул қилади.
Жумладан, фуқаролар йиғини:
-фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) рағбатлантириш ёки уни лавозимидан озод қилиш тўғрисида;
-фуқаролар йиғини раисига (оқсоқолига) ишончсизлик билдириш тўғрисида;
-ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, тегишли ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария жиҳатдан тозалаш тўғрисида;
-атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан тегишли ҳудудда жойлашган ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари бўйича қарорлар қабул қилади.
Шунингдек, фуқаролар йиғини кенгаши:
-фуқаролар вакилларининг йиғилишини ўтказиш тўғрисида;
-кам таъминланган оилаларга уй-жойини таъмирлаш, коммунал хизматлар ҳақини тўлашда ёрдам кўрсатиш учун ихтиёрийлик асосида жисмоний шахслардан маблағ йиғиш, юридик шахсларнинг маблағларидан шартнома асосида фойдаланиш тўғрисида;
-тегишли ҳудудда барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида қарор қабул қилади.
Фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) фуқаролар йиғинини қайта ташкил этиш ва унинг фаолиятини тугатиш, маъмурий-ҳудудий бирликлар ва маҳалла бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда, чегаралари ўзгартирилганда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қарор қабул қилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қабул қилинган қарор ёки мансабдор шахснинг ҳаракати(ҳаракатсизлиги) ўзининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузади деб ҳисоблаган ҳар қандай шахс мазкур қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ёки ҳаракатни(ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш ҳақида маъмурий судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Бироқ, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилинган ва фуқаролар йиғини кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этиш тартиби мавжуд бўлган қарорлари, шунингдек фуқаролар йиғинларида йўлга қўйилган “Ота-оналар университети”, “Аёллар маслаҳат кенгаши”, “Кексалар маслаҳати” жамоатчилик тузилмаларининг тавсиявий хусусиятга эга бўлган қарорлари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаганлиги сабабли, улар устидан берилган аризалар маъмурий судга тааллуқли бўлмайди.
Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқса-да, қонунда бошқа судларга тааллуқлилиги белгиланган аризалар, шунингдек устидан шикоят берилаётган ҳаракат меҳнат муносабатларидан келиб чиққан бўлса, бундай талаблар маъмурий суд судловига тааллуқли эмас.
Шунингдек, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи томонидан Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни асосида фуқаро ва юридик шахсларга ўз ваколати доирасида берган тушунтиришлари ифодаланган жавоб хатларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаблари ҳам маъмурий ҳужжат ҳисобланмаганлиги сабабли, маъмурий судларга тааллуқли бўлмайди.
Чунки, жавоб хати муайян ҳолатда аризачининг талабини рад қилмаганлиги сабабли, маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси ҳисобланмайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан муайян ҳуқуқий оқибатларни юзага келтирадиган қарорлари қонунлар ва қонуности ҳужжатлари, фаолиятни тартибга солувчи Низомлар талабларига амал қилган ҳолда қабул қилиниши талаб этилади. Қонун талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган қарорлар фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлади ва судларда низолашишга олиб келади. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун фуқаролар йиғини раиси ва масъул ходимлар ҳуқуқий билимга эга бўлишлари, маъмурий ҳужжатларни қабул қилишга алоҳида масъулият билан ёндошишлари лозим.
Қашқадарё вилоят маъмурий
судининг судьяси Баҳриддин Ахмедов
Фуқаролар ва тадбиркорлар маъмурий суд ҳимоясида
Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларнинг янги бир даврини очиб берди. Мазкур Фармон қабул қилингандан кўнг, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” тасдиқланди. Айнан мазкур давлат дастурининг иккинчи йўналиши, яъни “Конун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари”да суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, хусусан маъмурий судларни ташкил этиш назарда тутилган эди.
Айнан “Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан бар қатор қонунлар қабул қилиниб, мамлакатимизда маъмурий судларнинг юзага келиши ва “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги кодексининг қабул қилинишида биринчи қадам бўлди.Шу билан 2017 йилнинг 1 июнидан Ўзбекистон Республикасида илк бор маъмурий судлар ташкил этилиб, ўз фаолиятини юрита бошлади.Ўтган давр мобайнида маъмурий суднинг суд тизимида ўз ўрнига эга бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ишончли ҳимоясига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармони маъмурий судларнинг олдига муҳим вазифалар белгилаб берди.Жумладан, ушбу Фармон билан маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Стратегияга қўйилган илк қадам сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 107-сонли Қарори қабул қилиниши бўлиди.
Ушбу Қарор билан фармонда белгилаб берилган вазифалар ўз ифодасини топмоқда.
Эндиликда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш ҳамда жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этишга назарда тутилмоқда.
Жумладан, ушбу қарорда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган бир қатор тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминланмоқда.Бу билан, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;
ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;
маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;
оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш белгиланмоқда.
Мазкур ўзгаришлар билан нафақат фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини судлар орқали ҳимоя қилиш, балки судларнинг нуфузини ошириб, маъмурий органларни амалдаги қонун нормаларига риоя қилган ҳолда ишлашни тақозо этишга қаратилгандир.
Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни ҳамда маъмурий судларнинг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоясига айлантиришдаги ишларни маъмурий судларда кўрилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин.
Хусусан, аризачи “МАХ” МЧЖ маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармасининг “Камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар материалларини кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.Ишни суд мажлисида кўриш вақтида жавобгар Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси солиқ текширувчи ходимлари томонидан МЧЖда ўтказилган солиқ текширувида бир қатор қонун бузилишларига йўл қўйганлиги маълум бўлди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сон билан рўйхатдан ўтган “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 57-бандига кўра, сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун ўтказилаётган камерал солиқ текширувини холисона амалга ошириш мақсадида қўшимча маълумотлар олиш зарурати юзага келганда асос бўлиши қайд этилган.Мазкур қонун нормасига асосан камерал солиқ текшируви ўтказиш жараёнида аниқланган тафовут ва хатолар юзасидан текшириш ўтказилиб, сайёр солиқ текшируви ўтказилган.
Сайёр солиқ текширувида солиқ ходимлари томонидан аниқланган камчиликлар юзасидан икки хил далолатнома расмийлаштирилиб, биринчи тузилган далолатномага жамият раҳбари ва бухгалтери имзо қўйган бўлса-да, кейинчалик шу сана билан расмийлаштирилган далолатномага жамият вакиллари имзоси қўйилган.
Ваҳолан-ки, биринчи тузилган далолатнома жамиятга умуман камчиликлар аниқланган, кейинги тузилган далолатнома билан текширув якуни билан қўшилган қиймат солиғи ҳисобланиб, молиявий жарима қўлланган.Шу билан бирга, текшириш якуни билан жамият томонидан аниқлаштирилган ҳисобот ҳам тақдим этилган бўлса-да, солиқ органи мазкур эътирозни ҳам инобатга олмаган.Натижада, солиқ органи жамиятда ўтказилган текширишда, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекснинг 138-моддаси ва 157-моддаси талабидан келиб чиқиб, 165-166-моддаларига мувофиқ кўриб чиқмасдан, қарор қабул қилишда мазкур қонун нормаларига риоя қилмаган.Чунки, “МАХ” МЧЖда ўтказилган текширув юзасидан далолатнома тузилган бўлса-да, аризачига далолатнома тақдим қилинган нусхаси билан текширишда якунида муҳокама қилиниб, қарор қабул қилишга асос бўлган нусхасида жиддий фарқ мавжуд. Аслида Солиқ кодексининг 165-моддаси 8-қисмига кўра, далолатнома жавобгарликка тортилаётган шахс ёки унинг вакили иштирокида кўриб чиқилиши лозим.Бу ҳаракат (ҳаракатсизлик) оқибатида Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан Солиқ кодексининг 165-моддасига риоя этмаган. Ваҳолан-ки, Давлат солиқ бошқармаси томонидан қарор қабул қилишдан аввал, белгиланган тартибдаги процедура билан далолатнома тузиб, солиқ идораси томонидан камерал текшириш билан боғлиқ ҳаракатларни таништириш ҳисобланишига эътибор қаратмай, аризачи текшириш далолатномаси билан таништирилмаган ҳамда текшириш натижаси бўйича қарор қабул қилишда вақтида текшириш даврида тузилган далолатнома эмас, балки бошқа бир далолатнома муҳокама қилиб, тартиб-таомил қоидаларига риоя қилинмасдан, далолатномадаги тафовут ҳамда ноаниқликлар “МАХ” МЧЖнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиб, тадбиркорлик субъекти фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлганлигини кўриш мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан аризачи “МАХ” МЧЖнинг аризаси қаноатлантирилиб, жавобгар Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармасининг қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Шунингдек, Солиқ органларининг текширишда йўл қўйган жиддий камчиликлари юзасидан Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармасига хусусий ажрим чиқариш билан муносабат билдирилган.
Қарши туманлараро маъмурий судларнинг ўтган даврда кўрилган ишларнинг ҳисоботига назар ташлайдиган бўлсак, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари таъминланиб, маъмурий судлар томонидан ҳимоя қилинаётганлигини кўриш мумкин.
Қарши туманлараро
маъмурий суди судьяси А.Р.Мухиддинов
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Қашқадарё вилоят маъмурий суди