Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллашмоқда
Ўтган 2021 йилда ва жорий йилнинг биринчи чорагида ер тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ–6243-сонли Фармони қабул қилиниши бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш орқали, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этишга хизмат қилди.
Жумладан, “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2021 йил 16 августдаги қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига, Жиноят кодекси ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларида жавобгарликни белгилашга оид моддаларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ер кодексининг 2021 йил 17 августга қадар амалда бўлган 23-моддаси иккинчи қисмида ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган бўлса, мазкур қонун билан 23-модданинг иккинчи қисми янги таҳрирда қабул қилиниб, унга кўра ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тартиби такомиллаштирилди ва ер участкаларини мулк қилиб бериш (реализация қилиш) — қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида; доимий фойдаланишга бериш вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан; ижарага бериш — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан, шунингдек электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланди.
Қонундаги ушбу ўзгариш билан маҳаллий давлат ҳокимиятларининг ер ажратишга доир ваколатлари ўзгартирилиб, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг ва шаффоф механизми сифатида бу жараённи электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланди. Шу билан бирга, Ер кодексининг 20-моддасида назарда тутилган ҳолларда, яъни ер участкалари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилиши белгиланди.
Шу билан бирга, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш каби қонунбузилишларни олдини олиш мақсадида, Ер кодекси 911-модда билан тўлдирилди ва бу тўлдириш билан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш оқибатлари белгилаб берилди, жумладан, қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда, эндиликда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмаслиги, қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмаслиги, қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланиши ҳақида қоидалар белгиланди.
Шунингдек, ушбу қонунга асосан киритилган қўшимча ва ўзгартишлар билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси, 65, 66, 67, 68, 68-1, 69-моддаларида назарда тутилган мулкка тажовуз қилиш, ердан фойдаланиш, ер бериш тартибини бузиш, ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарликлари содир этганлик учун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 197-моддасида назарда тутилган суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик ва 229-1-моддасида назарда тутилган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш жиноятлари содир этганлик учун жазо чоралари кучайтирилди. Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш учун жавобгарликни белгилашга оид 229-6-модда билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 15 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, эндиликда тадбиркорлик, шаҳарсозлик, якка тартибда уй-жой қуриш ва уни ободонлаштириш учун берилган ерлар, қолаверса, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштирилишининг қонуний асослари белгилаб берилди.
Ерга оид қонунчиликни такомиллаштириш, қабул қилинган қонунларни татбиқ қилиш механизмларини белгилаш мақсадида, бир қатор меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сонли “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан “Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти”, “Юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти”, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сонли “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги қарор билан “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламент”, “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги ва “Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги ПҚ-138-сонли “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш орқали ер қонунчилигига риоя қилиниши устидан ягона назорат тизимини жорий қилиш ва ваколатли идоралар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари белгилаб берилди.
Ер қонунчилигининг такомиллаштирилиши ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида соҳадаги ислоҳотларнинг самарасига бевосита таъсир қилиб, ер муносабатларини тартибга солиш ва назорат қилишга масъул бўлган мансабдор шахсларни, шу билан бирга ердан фойдаланувчи фуқаро ва юридик шахсларнинг қонунларга риоя қилишдаги масъулиятини ошишига, суд тартибида ҳал қилинадиган низоларнинг камайишига ва қонун устуворлигини таъминланишига хизмат қилади.
Қашқадарё вилоят маъмурий
судининг судьяси Баҳриддин Ахмедов