Қоррупция-тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг ўзига хос моделини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жамиятни янгилаш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маънавий соҳаларни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар жараёни бугун ҳам давом этиб келмоқда.

Бундай янги демократик шарт-шароитлар давлат ҳокимияти ва бошқарувининг самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамияти қурилиши тамойиллари ва асосларига мос тарзда бошқарувни амалга оширишни тақозо этади. Айниқса, раҳбар ва бошқарув ходимлари масъулиятини ошириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, жиноятчилик жамиятимиз тараққиётига, олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришиш йўлига жиддий тўсиқ бўлаётган нохуш кўринишлардан биридир. Зиммаларига жамиятда қонун устиворлигини, ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни Конституция ва қонунларга риоя этиш руҳида тарбиялаш каби юксак масъулият юкланган шахслар томонидан амалдаги қонунларни назар писанд этмаслик, ўз шахсий манфаатларини жамият манфаатларидан устун қўйилиши мутлақо муроса қилиб бўлмайдиган ҳолдир. Давлат аппаратининг нормал фаолиятига қарши қаратилган бундай ижтимоий хавфли қилмишлар жамиятнинг равнақига жиддий путур етказади, унга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради.

Коррупция амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатиш ифодасидир. Унда ўз умрини яшаб бўлган, янги иқтисодий муносабатларни ўзига қарши таҳдид деб билган ҳолда уларнинг ривожланишини секинлаштириб қўйишга ҳаракат қиладиган маъмурий буйруқбозлик тизими билан “хуфёна” иқтисодиётнинг манфаатлари объектив равишда бирлашиб кетади. Коррупция домига илинган амалдорлар шахсий бойлик орттириш мақсадларини ва уруғ-аймоқларнинг манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўяди. Бу эса мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади”.

Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир деб қайд этган. Бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади.

Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи, бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, таъмагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.

Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради.

Жамиятда устувор соҳа – таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида толерантликни уйғотиш муаммоси олдимизда кўндаланг турибди. “Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди”, деган фикр ёшлар онгида шаклланиб қолгани энг катта камчилигимиз.

Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига таъмагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак мақсад-муддаога эриша олишимиз қийин.

Коррупция билан боғлиқ жиноятлар орасида порахўрлик энг ижтимоий хавфли ҳисобланади. Сабаби, порахўрлик жиноятлари давлат аппарати негизини ичидан емирилиши хавфини вужудга келтиради.

Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан Бюджет ва Божхона кодекслари (янги таҳрирда), “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Хусусан, 2016 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси Президент ташаббуси билан киритилган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунни биринчи ўқишдаёқ қабул қилди ва бу Қонун 2016 йил 13 декабрда Сенат томонидан маъқулланди.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунни имзолади ва қонун 2017 йил 4 январдан кучга кирди.

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши тушунилади.

Коррупциянинг кўринишлари – порахўрлик, фирибгарлик, товламачилик, таъмагирлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, мансаб ваколатини суъистемол қилиш ва бошқалар.

Коррупция, порахўрлик ҳар қандай замонда, ҳар қандай даврда, ҳар қандай тузумда бўлган, лекин ҳамма замонларда ҳам унга иллат сифатида қаралган.

Энди коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланди.

Қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, шунингдек коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан тўлиқ бартараф этишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга қаратилган.

Қонун коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, шунингдек халқаро ҳамкорлик мустаҳкамлаб қўйилган. 

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашувчи субъектларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини тузилган ва унинг таркибига тадбиркорлар жамоат бирлашмаларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш назарда тутилган.

Шундай қилиб, қонуннинг амалга киритилиши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратади, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга кўмаклашади ва натижада ишчанлик фаоллиги ўсишига ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига олиб келади.

Мухтасар айтганда, коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур.

 

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                     Б.Муинов