Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги ЎРҚ-968-сонли қонунининг мазмун-моҳияти.
Сўнги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон қадри устуворлигини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд орқали шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини кучайтириш, одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича қатор чоралар кўрилди. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига кўра, ФПК, МСИЮтК ҳамда ИПКларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши белгиланган.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланмоқда ҳамда мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби аниқлаштирилмоқда.
Мазкур Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш, шунингдек уларнинг қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Қарши туманлараро маъмурий
судининг судьяси А.Дониёров