“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва ахамияти тўғрисида.

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланмоқда, шунингдек мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби аниқлаштирилмоқда.

Шунингдек, «Прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин.

Бундан ташқари, мазкур қонун билан прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолиятини самарадорлигини ошириш мақсадида судларда прокурорларнинг апелляция, кассация ва тафтиш тартибида кўриладиган ишларда иштирок этишининг тартиб таомиллари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасида маъмурий суд ишларини юритишда прокурорнинг иштироки масаласи аниқ кўрсатиб ўтилди.

Бунда прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли эканлиги;

Прокурор фуқаролар ва юридик шахсларнинг, шунингдек жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб, судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги;

Ушбу ариза туманлараро маъмурий судларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари томонидан тақдим этилиши;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча маъмурий судларига ариза тақдим этишга ҳақли эканлиги белгилаб ўтилди.

Шунингдек, Қонунда назарда тутилган ёки суд мазкур ишда прокурор иштирок этиши зарур деб топган ҳолларда, ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларда, шунингдек прокурорнинг аризаси асосида қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди раиси                                                                                 Ғ.Давлатов