Ўзбекистонда суд тизимини рақамлаштиришнинг янги босқичи ПФ-140-сонли Фармони ижросини таъминлаш ҳақида.
Ўзбекистонда суд ҳокимияти фаолиятини замон талаблари асосида тубдан такомиллаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги қабул қилинган қарорга мувофиқ, “Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш, суд ишларини тўлиқ электрон форматга ўтказиш ва фуқаролар ҳамда бизнес учун қулай имкониятлар яратиш 2025–2027 йилларда суд соҳасининг энг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Судлар фаолиятида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар – асосий устувор мақсад
Қабул қилинган дастурга кўра, келгуси йилларда қуйидаги стратегик вазифалар амалга оширилади:
“Рақамли суд” концепциясини жорий этиш
- Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиш.
- Суд жараёнларини электрон форматга ўтказиш.
- Судчилар, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун замонавий интерактив хизматлар яратиш.
Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш
- Суд харажатларини ҳисоблаш, судловга тегишлиликни аниқлаш каби жараёнлар сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштирилади.
- Суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида автоматик матн шакллантирилади.
- Суд ҳужжатлари лойиҳалари AI орқали автоматик тайёрланади.
Инфратузилмани такомиллаштириш
- Суд ҳужжатлари архиви учун махсус модул яратилади.
- Судялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги доимий ошириб борилади.
- Суд мажлиси заллари “Рақамли суд” стандарти асосида қайта жиҳозланади.
“Рақамли суд” концепциясини амалда жорий этиш механизми
Тажриба сифатида – Тошкент шаҳрида
2025 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича рақамли суд мажлиси заллари ташкил этилади. Бу ерда:
- Аризалар электрон шаклда қабул қилинади.
- Тарафлар судга келмасдан масофадан иштирок этади.
- Иш материаллари тўлиқ электрон тарзда тақдим этилади.
- Ижро варақалари автоматик юборилади.
Фуқаролар учун янада қулайликлар
- Судга ариза берилишидан олдин сунъий интеллект томонидан иш натижасининг тахминий таҳлили тақдим этилади.
- Суд харажатлари автоматик ҳисобланади.
- Суд жараёнига оид барча маълумотлар электрон тарзда тақдим этилади.
2025–2027 йилларда рақамлаштириш бўйича йўл харитаси
Қарорда белгиланган дастурга мувофиқ, қуйидаги йирик лойиҳалар амалга оширилади:
2025 йил
- Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади.
- Суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш дастури яратилади.
2026 йил
- “my.sud.uz” порталининг сунъий интеллектли виртуал маслаҳатчи модули ишга туширилади.
- Фуқароларга дастлабки суд маълумотларини ЯИДХП орқали олиш имкони яратилади.
- Яна 5 та янги интерактив суд хизматлари ишга туширилади.
2027 йил
- “Рақамли суд” тизими республикадаги барча суд органларида тўлиқ жорий этилади.
Суд ишларини автоматлаштириш ва маълумотлар алмашинуви
2025 йил якунига қадар қуйидагилар амалга оширилади:
- Тергов органлари билан судлар ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.
- Маъмурий жарималарни электрон кузатиш ва тўлаш учун махсус мобил дастур ишлаб чиқилади.
- “Рақамли ҳукумат” маълумотлари суд ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинади.
2025 йил 1 октябрга қадар маъмурий ишларга оид барча ҳужжатлар судларга “Э-маъмурий иш” ахборот тизими орқали электрон равишда юборила бошлайди.
Ягона интегратор — “Узинфоком”нинг роли
Қарорга кўра, “УЗИНФОКОМ” МЧЖ суд тизимида ягона интегратор сифатида қуйидаги вазифаларни бажаради:
- Суд бизнес жараёнларини цифровизация қилиш.
- Ягона “Рақамли суд” комплексини яратиш ва қўллаб-қувватлаш.
- Суд ахборот тизимларини бошқа идоралар тизимлари билан интеграция қилиш.
- Барча ускуналар, дастурлар ва инфратузилмаларни етказиб бериш ва жорий этиш.
Шу билан бирга, Ягона интеграторга тўғридан-тўғри шартнома тузиш ва олдиндан тўлов қилиш имкони берилади.
Хулоса
“Рақамли суд” концепциясининг амалга оширилиши Ўзбекистон суд тизимида инқилобий қадам бўлиб, адолатни таъминлашда тезкорлик, шаффофлик ва фуқаролар учун қулайликни янада оширади. Сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши эса суд ишларини автоматлаштириб, инсон омили таъсирини камайтириш, хатоларни қисқартириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бу қарор мамлакатда ҳуқуқий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди ва 2027 йилга бориб Ўзбекистон суд тизими тўлиқ рақамли, замонавий ва жаҳон стандартларига мос шаклга келиши кутилмоқда.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди судьяси Н.Номозов






