Янги таҳрирдаги Конституция — инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати

    “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”. Ушбу ҳаққоний эътироф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 16 ноябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишда алоҳида таъкидланди.

       Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади.

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида — тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

      Янги таҳрирдаги Конституция 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.

     Янги Ўзбекистон — демократик ва ҳуқуқий давлат. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси учинчи бандида: «Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади», деб белгиланган.

Бу нормалар Янги Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ҳисобланиб, мамлакатда ҳокимият алмашиши фақат Конституция ва қонунлар асосида таъминланади, деган тамойил ҳаётга татбиқ этилишининг кафолатидир. Давлатнинг ҳуқуқий сиёсати инсонпарварлик, демократия, ижтимоий адолат ва сиёсий хилма-хиллик принципларига асосланади.

        Янги Ўзбекистонда халқимизнинг бой тажрибаси ва маданий анъаналарига асосланган демократия ўрнатилмоқда, бунда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари ва қатламлари манфаатлари ҳисобга олинади. Зўравонликка асосланган эскича маъмурий-буйруқбозлик тизими қолдиқлари ниҳоят барҳам топди, кўппартиявийлик, ғоя ва фикрлар хилма-хиллиги одатий ҳолга айланиб бормоқда.

     Янги Ўзбекистон — ижтимоий ва дунёвий давлат Конституциямиз Муқаддимасида давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар аниқ белгилаб берилган.

         Биринчи тамойил — инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлик. Бу билан Конституциямиз инсоннинг асрлар давомида дунёда шаклланган асосий маънавий-ахлоқий қадриятлари ва асосий ҳуқуқларини ўзида мужассам этган ҳолда, инсоннинг олий қадрияти — унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати эканини эълон қилди.

      Конституциямизнинг аввалги таҳриридан фарқли ўлароқ, унинг янги таҳрирининг асосий ғояси шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, илгари мавжуд бўлган “давлат — жамият — шахс” парадигмасини янги: “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгартиришдан иборат.

Давлатимиз раҳбари таърифига кўра, инсон қадри — мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаёт, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатади.

        Янги таҳрирдаги Конституциямиз янги хусусиятларининг таҳлили бу борадаги нормалар мустаҳкамлангани ва янада кучайтирилганини кўрсатади. Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 115-моддасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини, 49-моддасида эса ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш белгиланган. Давлатнинг барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, шунингдек, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чораларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари ҳам шулар жумласидандир. Тўртинчи тамойил — давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниш.

      Ўзбек халқининг тарихи асрлар қаърига бориб тақалади ва уч минг йилдан ортиқ даврни қамрайди. Юртимиз ҳудудида ўз даврида гуллаб-яшнаган — Катта Хоразм, Бақтрия, Сўғд, Ўрта асрлардаги Мовароуннаҳр, Туркистон каби давлатлар; Самарқанд, Бухоро, Термиз, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз сингари ўнлаб ноёб қадимий шаҳарлар жаҳон маданиятида ёрқин из қолдирган. Ана шу бой ўтмишимиз цивилизация жараёнлари ва фалсафий қарашлар, илм-фан, айниқса, тиббиёт, астрономия, география, математика, геодезия ва архитектура соҳалари ривожига, маданий ва маънавий қадриятларнинг шаклланишига сезиларли даражада ҳисса қўшди. Шу билан бирга, халқимиз тарихи, турмуш тарзи ва анъанавий маданиятида маънавий-ахлоқий, илмий, диний ва ҳуқуқий қадриятлар муҳим ўрин тутган. Улуғ аждодларимизнинг маънавий юксалишга даъват этувчи эзгу амаллари, диний-ахлоқий, ҳуқуқий эътиқоди Конституциямизни маънавий бойитди.

      Янги таҳрирдаги Конституциямиз дунёвий давлат, очиқ ва адолатли жамият қуриш, унда тенглик ва тенг ҳуқуқлилик принципларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини камситмаслик ғояларига асосланади. Бунда юртимизда инсон ҳуқуқлари маданияти тобора юксалаётгани, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат руҳи шаклланаётгани алоҳида аҳамият касб этади.

     Бош қомусимиз Муқаддимасида Ўзбекистон халқи ушбу Конституцияни, жумладан, «фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида» қабул қилгани алоҳида таъкидланган. Шу маънода, Асосий Қонунимиз — биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки миллий ғурур-ифтихор, керак бўлса, ушбу заминда истиқомат қилаётган, жинси, ирқи, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя ҳисобланади.

      Мухтасар айтганда, бугун Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Янги таҳрирдаги Асосий Қонуннинг қабул қилиниши билан бу борада янада мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асос яратилди. Бинобарин, Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини яна бир бор намоён этди.

Конституциямизда Европа, Осиё, Шарқ ва Америка минтақаларида жойлашган дунё давлатларининг ижобий конституциявий тажрибаси ўз аксини топган. Ишончимиз комилки, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар холис ва тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши «Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун» тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.


Қашқадарё вилоят

маъмурий суди раиси                                                       Ғ.Давлатов