“Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли Қарорининг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида

Янги Ўзбекистон тараққиётининг замонавий босқичида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Айниқса, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида жамият ва давлат ҳаётида маъмурий судларнинг ўрни ва роли муттасил ортиб бормоқда. Маъмурий судларга нисбатан ишонч ортиб бораётганлигини жисмоний ва юридик шахслар томонидан қилинаётган мурожаатлар сони кўпаяётгани ҳам кўрсатиб туради.

Мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусий сектор, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошиб боришига олиб келмоқда. Бу биз маъмурий судларда солиқ органларининг қарорлари ёки солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан берилаётган ариза (шикоят)ларнинг ортиб бораётганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Бу борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда «фаол иштирок этиш» тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.

Шу билан бирга, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.

Шу ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил
30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўийач қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли Қарори қабул қилинган.

Мазкур концептуал ҳужжат “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни рўёбга чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишга, малакали тиббий хизмат кўрсатишга, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратишга қаратилган.

“Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқчил давлат” миллий дастурини ишлаб чиқиш. Давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган мурожаатларнинг Мурожаатлар билан ишлаш ягона онлайн платформасида юритилишини таъминлаш. Мурожаатларнинг давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши муддати ва сифати устидан «рақамли назорат» ўрнатиш. Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилишни назарда тутади.

Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;

давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;

маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;

давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;

маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.

Мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепсияси тасдиқланган.

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судяси                                                       Б.Э.Абдимуминов