Фуқаролар ва тадбиркорлар маъмурий суд ҳимоясида

                Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларнинг янги бир даврини очиб берди. Мазкур Фармон қабул қилингандан кўнг, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” тасдиқланди. Айнан мазкур давлат дастурининг иккинчи йўналиши, яъни “Конун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари”да суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, хусусан маъмурий судларни ташкил этиш назарда тутилган эди.

       Айнан “Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан бар қатор қонунлар қабул қилиниб, мамлакатимизда маъмурий судларнинг юзага келиши ва “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги кодексининг қабул қилинишида биринчи қадам бўлди.Шу билан 2017 йилнинг 1 июнидан Ўзбекистон Республикасида илк бор маъмурий судлар ташкил этилиб, ўз фаолиятини юрита бошлади.Ўтган давр мобайнида маъмурий суднинг суд тизимида ўз ўрнига эга бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ишончли ҳимоясига айланди.

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармони маъмурий судларнинг олдига муҳим вазифалар белгилаб берди.Жумладан, ушбу Фармон билан маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш назарда тутилмоқда.

     Стратегияга қўйилган илк қадам сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 107-сонли Қарори қабул қилиниши бўлиди.

Ушбу Қарор билан фармонда белгилаб берилган вазифалар ўз ифодасини топмоқда.

        Эндиликда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш ҳамда жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этишга назарда тутилмоқда.

Жумладан, ушбу қарорда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган бир қатор тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминланмоқда.Бу билан, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;

ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;

оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш белгиланмоқда.

Мазкур ўзгаришлар билан нафақат фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини судлар орқали ҳимоя қилиш, балки судларнинг нуфузини ошириб, маъмурий органларни амалдаги қонун нормаларига риоя қилган ҳолда ишлашни тақозо этишга қаратилгандир.

             Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни ҳамда маъмурий судларнинг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоясига айлантиришдаги ишларни маъмурий судларда кўрилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин.

               Хусусан, аризачи “МАХ” МЧЖ маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармасининг “Камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар материалларини кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.Ишни суд мажлисида кўриш вақтида жавобгар Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси солиқ текширувчи ходимлари томонидан МЧЖда ўтказилган солиқ текширувида бир қатор қонун бузилишларига йўл қўйганлиги маълум бўлди.

             Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сон билан рўйхатдан ўтган “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 57-бандига кўра, сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун ўтказилаётган камерал солиқ текширувини холисона амалга ошириш мақсадида қўшимча маълумотлар олиш зарурати юзага келганда асос бўлиши қайд этилган.Мазкур қонун нормасига асосан камерал солиқ текшируви ўтказиш жараёнида аниқланган тафовут ва хатолар юзасидан текшириш ўтказилиб, сайёр солиқ текшируви ўтказилган.

        Сайёр солиқ текширувида солиқ ходимлари томонидан аниқланган камчиликлар юзасидан икки хил далолатнома расмийлаштирилиб, биринчи тузилган далолатномага жамият раҳбари ва бухгалтери имзо қўйган бўлса-да, кейинчалик шу сана билан расмийлаштирилган далолатномага жамият вакиллари имзоси қўйилган.

           Ваҳолан-ки, биринчи тузилган далолатнома жамиятга умуман камчиликлар аниқланган, кейинги тузилган далолатнома билан текширув якуни билан қўшилган қиймат солиғи ҳисобланиб, молиявий жарима қўлланган.Шу билан бирга, текшириш якуни билан жамият томонидан аниқлаштирилган ҳисобот ҳам тақдим этилган бўлса-да, солиқ органи мазкур эътирозни ҳам инобатга олмаган.Натижада, солиқ органи жамиятда ўтказилган текширишда, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекснинг 138-моддаси ва 157-моддаси талабидан келиб чиқиб, 165-166-моддаларига мувофиқ кўриб чиқмасдан, қарор қабул қилишда мазкур қонун нормаларига риоя қилмаган.Чунки, “МАХ” МЧЖда ўтказилган текширув юзасидан далолатнома тузилган бўлса-да, аризачига далолатнома тақдим қилинган нусхаси билан текширишда якунида муҳокама қилиниб, қарор қабул қилишга асос бўлган нусхасида жиддий фарқ мавжуд. Аслида Солиқ кодексининг 165-моддаси 8-қисмига кўра, далолатнома жавобгарликка тортилаётган шахс ёки унинг вакили иштирокида кўриб чиқилиши лозим.Бу ҳаракат (ҳаракатсизлик) оқибатида Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан Солиқ кодексининг 165-моддасига риоя этмаган. Ваҳолан-ки, Давлат солиқ бошқармаси томонидан қарор қабул қилишдан аввал, белгиланган тартибдаги процедура билан далолатнома тузиб, солиқ идораси томонидан камерал текшириш билан боғлиқ ҳаракатларни таништириш ҳисобланишига эътибор қаратмай, аризачи текшириш далолатномаси билан таништирилмаган ҳамда текшириш натижаси бўйича қарор қабул қилишда вақтида текшириш даврида тузилган далолатнома эмас, балки бошқа бир далолатнома муҳокама қилиб, тартиб-таомил қоидаларига риоя қилинмасдан, далолатномадаги тафовут ҳамда ноаниқликлар “МАХ” МЧЖнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиб, тадбиркорлик субъекти фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлганлигини кўриш мумкин.

           Мазкур ҳолат юзасидан аризачи “МАХ” МЧЖнинг аризаси қаноатлантирилиб, жавобгар Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармасининг қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

       Шунингдек, Солиқ органларининг текширишда йўл қўйган жиддий камчиликлари юзасидан Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармасига хусусий ажрим чиқариш билан муносабат билдирилган.

           Қарши туманлараро маъмурий судларнинг ўтган даврда кўрилган ишларнинг ҳисоботига назар ташлайдиган бўлсак, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари таъминланиб, маъмурий судлар томонидан ҳимоя қилинаётганлигини кўриш мумкин.

 

 

 

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                              А.Р.Мухиддинов