Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатлар
Истиқлол йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилгани натижасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминланиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган мустақил давлат институти сифатида суд ўзини тобора кенгроқ намоён этмоқда.
Мазкур ислоҳотлар замирида аввало инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ва манфаати ётади. Зеро, Конституция ва қонунларимизда белгилаб қўйилган фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини одил судловни амалга ошириш орқали тиклаш, шу асосда қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш ҳуқуқий ислоҳотлардан кўзланган бош мақсаддир.
Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатларга тўхталар эканмиз аввало суд ҳокимияти ўзи нима ҳамда Ўзбекистонда суд тизими қандай деган саволларга тўхталмоқчиман.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган. Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган. Президент томонидан 2021 йил 28 июлда имзоланган. Мазкур Қонун 14-боб, 101-моддадан иборат.
Мазкур Қонунинг 1-моддасида, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас деб қайд этилган.
Қонуннинг 2-моддасида, Ўзбекистон Республикасида суд тизими:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
ҳарбий судлар;
Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари;
жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари;
туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари;
туманлараро маъмурий судлардан иборатдир.
Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига кўра судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин.Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди деб белгиланган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида суд ҳокимиятининг янги тузилмалари (Конституциявий суд, хўжалик ва ҳарбий судлар) ташкил этилди. Кейинчалик умумий юрисдикция судларининг ихтисослашуви қонуний мустаҳкамланиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича алоҳида судлар ташкил этилди.
Аввало, Конституцияда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши тамойилининг мустаҳкамлаб қўйилиши, бу умум эътироф этилган, тажрибада синовдан ўтган демократик йўл билангина одил судловни таъминлаш, Конституцияга ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга риоя этилишига, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига, қонунийликка ва ҳуқуқ тартиботнинг мустаҳкамланишига эришиш мумкинлигини амалда эътироф этилиши демакдир.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳатлардан бири, бу мамлакатимизда 2008 йилнинг январидан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилинганлиги ҳамда “Хабеас корпус” институтининг жорий этилганлиги, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилганлиги суд-ҳуқуқ соҳасида ташланган муҳим қадам бўлди.
Ўлим жазосининг жиноий жазолар тизимидан чиқарилиши ва унинг умрбод ҳамда узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиши, жазони тайинлаш ва ижро этиш тартиби ҳамда шартларини белгилаш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жазонинг бу турлари вояга етмаганларга, аёлларга ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан қўлланмаслиги адолат меъёри тантанасининг миллий қадриятларимизга хос инъикоси ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонда қуйидагилар нислоҳотлар назарда тутилган?
2021 йил 1 январдан бошлаб;
-вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
-маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;
-маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;
-Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;
-фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;
-Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш.
-а) суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
-б) жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;
-туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
-апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
-Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;
-давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
-прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;
-қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.
Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколатини бериш белгилаб ўтилган.
Сўнгги ислоҳатлардан яна бири, муҳтарам Президентимизнинг
2023 йил 16 январда қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-11-сонли Фармонидир.
Ушбу фармоннинг 4 бандига асосан Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши, Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди.
Судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;
суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш;
одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш;
судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.
Бундан ташқари ушбу фармоннинг 1-иловасининг 3-боби
3-бандига мувофиқ;
Судьялар фаолиятига ҳар қандай аралашувларга, шу жумладан, давлат идоралари ва мансабдор шахслар аралашувларига барҳам беришнинг қатъий чораларини кўриш, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кескин кучайтириш.
Суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш.
Судьялар дахлсизлигини бузиш ҳолатларида бевосита судьялар томонидан ўз вақтида таъсирчан чоралар кўриш имкониятларини кенгайтириш. Процессуал тартибга риоя қилган ҳолда келиб тушган мурожаатларнинг процессуал қонунчилик асосида кўриб чиқилишини таъминлаш.
Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш белгилаб ўтилган. Юқорида келтириб ўтилган мухтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлардан ҳам билишимиз мумкинки мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Қарши туманлараро
Маъмурий суди судьяси Б.Э.Умиров