Судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлаш борасидаги янгиликлар

     “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-968-сонли қонуни 2024 йилнинг 2 июлда қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиб, 28 августда сенат томонидан маъқулланди ҳамда 30 сентябрда президент томонидан имзоланди.

     Ушбу қонунга асосан қатор қонун нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди булар: Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

    Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар асосан судларда ишларни кўришда прокурорнинг иштирокини мустаҳкамлаш, прокурорнинг суд ишларини ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш, судларда кўриб чиқилган ишларни ўрганиш ва қарорларга нисбатан протестлар киритиш бўйича ваколатларини кенгайтиришга қаратилган.

– ўзгартириш ва қўшимчалар билан суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирок этиши мажбурий бўлган ҳолатлар рўйхати кенгайтирилди,

– ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан прокурорнинг протест киритиш ҳуқуқига тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилди ва кенгайтирилди;

– прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар зарурати туғилганлиги, судда кўрилган ишларда прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланди, шунингдек мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан пртест киритиш тартиби ўзгартирилди, ва прокурор ваколатлари оширилди.

     Янги қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига 9 та, Иқтисодий процессуал кодексига 13 та, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга 4 та ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.



Қашқадарё вилоят

маъмурий суди судьяси                        Хушваков Азамат Ибрагимович