Солиқ органлари ходимлари иштирокида онлайн шаклда семинар-тренинг ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори 5-бандининг биринчи хатбошисида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништирилишини таъминлаш мақсадида 2022 йил 23 апрель куни соат 11:00да онлайн шаклдаги семинар-тренинг ўтказилиб, ушбу тадбирда Қашқадарё вилоят маъмурий суди ва Қарши туманлараро маъмурий судининг судьялари, вилоят давлат солиқ бошқармаси ва туман(шаҳар) солиқ инспекцияси ҳуқуқшунослари ва сохага оид мутахассис ходимлари вилоят маъмурий суди биносидан иштирок этишди.
Семинар-тренингни Судьялар олий мактаби директорининг ўринбосари Д.Исраилов кириш сўзи билан очди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Д.Каримов Самарқанд вилоят маъмурий суди студиясидан иштирок этиб, “Солиқ органлари қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга шикоят қилишнинг ўзига хос хусусиятлари мавзусида маъруза қилди.
Тошкент шаҳар маъмурий судининг раиси Алмамедов Улуғбек Алиджанович иккинчи мавзу бўйича, яъни “Маъмурий судлар фаолияти ва улариннг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли” мавзусида маъруза қилди.
Тошкент вилоят маъмурий суди раисининг ўринбосари Турсунов Учкун Шониязович учинчи мавзу бўйича, яъни “Солиқ текширувлари натижалари бўйича низоларни судларда кўриш амалиёти” мавзусида маъруза қилди.
Маърузачилар маъмурий судлар фаолиятига, солиққа оид маъмурий ишлар бўйича суд амалиёти ва кўрилаётган ишлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, солиқ органи томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга тўхталиб ўтишди.
Шу жумладан, маърузачилар солиқ органи томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётида вужудга келаётган муаммолар юзасидан тадбир иштирокичларининг саволларига тегишли жавоблар ва тушунтиришлар беришди.
Қашқадарё вилоят маъмурий
судининг судьяси Баҳриддин Ахмедов