Республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ва бу борада янги Ўзбекистон тараққиёти стратегияси мазмун-моҳияти

        Мамлакатимизда сўнгги йилларда демократик ислоҳотларни амалга ошириш жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада суд ҳуқуқ соҳаси ислоҳ қилиниб, янги қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилмоқда.

    Жумладан, қайта президентликка сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёвни 2021 йил 6 ноябрдаги  инаугурация нутқида ҳам маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши, бунда суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишимиз зарурлиги,бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилишлиги, мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишлигини,бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолашлигини таъкидлаб ўтдилар.

        Давлат раҳбарининг нутқида белгилаб олинган йўналишлар тасдиғи сифатида 2022 йил 28 январь куни “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги 60-сонли Президент фармони ҳамда жорий йилнинг 29 январь куни ҳам “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 107-сонли Президент қарори қабул қилинди.

    Ушбу қарорни мамлакатимизда маъмурий юстиция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида деб баҳолаш мумкин.

Маълумки, давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан фуқаро ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилганда, уларни ҳимоя қилиш маъмурий судлар томонидан амалга оширилади. Ривожланган мамлакатларда айнан маъмурий судлар фуқаро ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

      Бунинг учун, аввало, жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади.

     Қарор билан биринчи навбатда Маъмурий судларнинг вазифаси қилиб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш  белгиланиши;

Иккинчи навбатда, давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган чора тадбирлар белгиланди.

    Хусусан, маъмурий суд ишларини юритишда “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;

ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;

оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш назарда тутилган.

        Жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида мазкур қарорнинг 2-бандига асосан процессуал қонун ҳужжатларида белгиланаётган тартиблар доирасида қуйидагилар белгиланган:

тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш ваколати ҳам берилиши назарда тутилган.

        Шунингдек, судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш;

маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш;

бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш.

Юқоридаги жиҳатлар албатта фуқароларнинг судга мурожаат қилишларида бир қатор қулайликларни яратади. Шунингдек, уларнинг оворагарчиликларининг олди олинишига ҳам хизмат қилади.

        Шунингдек, тараққиёт стратегиясида белгиланган 8 та устувор мақсадга тўхталадиган бўлсак:

– Мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш;

– Қонун устуворлигини ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш;

– Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш

– Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш;

– Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

 – Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида тўлиқ ижросини таъминлаш;

– Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш;

– Фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакиллантириш мақсадлари қўйилган.     

        Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолиятини қонуний асосда юритилишини, фуқаро ва юридик шахслар ҳуқуқлар ва манфаатларини самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, шунингдек маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга ҳамда маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришига ёрдам беради.




Қарши туманлараро

маъмурий суди раиси                                                                        А.Хушваков