Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-141-сонли фармони ижросини таъминлаш ҳақида.
Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичи сифатида юқори малакали кадрлар тайёрлашни тубдан янги даражага олиб чиқишга қаратилган муҳим қарор қабул қилинди. Ушбу чора-тадбирлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Янги тизимнинг асосий мақсадлари
Суд тизими учун кадрлар тайёрлаш жараёнини халқаро стандартлар даражасига чиқариш мақсадида қуйидаги устувор йўналишлар белгиланди:
- замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга судья кадрлар корпусини шакллантириш;
- судялик лавозимига номзодларни тайёрлаш ва амалдаги судялар ҳамда суд аппарати ходимларининг малакасини мунтазам ошириш;
- ўқув жараёнига интерфаол, амалиётга йўналтирилган услубларни жорий этиш;
- коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш механизмларини мустаҳкамлаш;
- судья ва номзодларда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдалана олиш кўникмаларини ривожлантириш;
- фан, таълим ва амалиётнинг узвий интеграциясини таъминлаш;
хорижий суд-ҳуқуқ мактаблари билан ҳамкорликни кенгайтириш.
Одил судлов академиясини ташкил этиш — ислоҳот маркази
Судялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди. Академия:
- “бўлажак судяни судя ўқитади” тамойили асосида ишлайди;
- юридик шахс мақомидаги ихтисослашган давлат таълим ва тадқиқот муассасаси ҳисобланади;
- судялар олий мактабининг ҳуқуқий вориси сифатида унинг барча вазифаларини амалга оширади;
Академия ректори Президент томонидан тайинланиб, Олий суд раисининг ўринбосарига тенг мақомга эга бўлади. Проректорлар ва профессор-ўқитувчилар Олий суд судяларига тенг меҳнат шароитлари, моддий рағбат ва имтиёзларга эга бўлади.
Судяларни қайта тайёрлашнинг янги тизими
2025 йил 1 октябрдан бошлаб, судялик лавозимларига номзодлар олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинади. Янгиликлар:
- ўқиш давлат гранти асосида;
- тингловчиларнинг иш жойи ва лавозими сақланади;
- ҳар ойда судя ёрдамчисининг ойлик маошига тенг стипендия тўланади;
- қабул жараёни тестлар, ёзма имтиҳон ва суҳбат орқали амалга оширилади;
- ўқув жараёни “назария — амалиёт — имитация” тамойили асосида ташкил этилади;
- “виртуал суд” машғулотлари жорий этилган;
- курсни муваффақиятли якунлаганларга сертификат берилади ва улар судялик танловларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Сертификат олган бўлиб, уч йил давомида судяликка ариза бермаган ёки таклиф этилган лавозимни рад этганлар ўқиш давридаги стипендияни давлатга қайтариши шарт.
Судя ва суд аппарати ходимларининг малакасини оширишning янги тартиби
Академияда малака ошириш қуйидаги меъёрлар асосида амалга оширилади:
- 5 йиллик судялар — ҳар 2 йилда 2 ҳафта;
- 10 йиллик судялар — ҳар 3 йилда 2 ҳафта;
- Олий суд судялари ва муддатсиз судялар — ҳар 3 йилда 1 ҳафта;
- фаолияти паст баҳоланган судялар — мажбурий 2 ҳафта;
- суд аппарати ходимлари — ҳар 2 йилда 1 ҳафта.
Шунингдек, раҳбар кадрлар захирасидаги судялар икки ойлик қайта тайёрлаш курсларидан ўтишлари шарт.
“Суд фаолияти” бўйича амалий магистратура
2026/2027 ўқув йилидан Академияда:
- суд фаолиятига ихтисослашган бир йиллик амалий магистратура йўлга қўйилади;
- кундузги ва кечки таълим шакллари жорий этилади;
- диплом — давлат намунасида;
- қабул параметрлари Судялар олий кенгаши томонидан тасдиқланади;
- ўқиш тўлов-контракт асосида бўлади.
Қабул қилинган чора-тадбирлар суд тизими учун профессионал, халол, мустақил ва замонавий тафаккурга эга кадрлар корпусини шакллантиришга хизмат қилади. Одил судлов академиясининг ташкил этилиши суд таълими, илмий тадқиқот ва амалиётнинг ягона марказга бирлашишига, суд тизимидаги инсон ресурсларини халқаро стандартлар даражасида ривожлантиришга замин яратади.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди судьяси Н.Номозов






