Маъмурий судларнинг одил судлов фаолияти ва унинг ўзига хос хусусиятлари

      Ўзбекистон Республикасида сўнгги йиллар давомида олиб борилган ислоҳотлар тарихига назар соладиган бўлсак, маъмурий судларни ташкил этиш ҳақидаги ташаббусни Президент Ш.Мирзиёев ўзининг Президентлик вазифасини вақтинча бажарувчи бўлган пайтиданоқ илгари сурган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2016 йил 21 октябрь куни имзоланган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 6-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва Адлия вазирлигига илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида 2017 йил 1 июлга қадар фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни ташкил этишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш топширилган.
      Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрель кунги «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонуни билан Ўзбекистон Республикасида суд тизимини ташкил этувчи судлар қаторига маъмурий судлар киритилиши ва ушбу қонуннинг маъмурий судларни ташкил этиш тўғрисидаги қоидалари 2017 йил 1 июндан эътиборан амалга киритилиши белгилаб қўйилди. Кейинчалик, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрель куни «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик ва хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни (Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлдаги ЎРҚ-703-сонли «Судлар тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.) қабул қилиниб, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасида
-Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
-Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
-Ҳарбий судлар;
-Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
-Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
-Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари;
-Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
-фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари;
-жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;
-туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари;
туман (шаҳар) маъмурий судлари фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди.
               Юртбошимиз томонидан маъмурий судларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш юзасидан қатъий олиб борган саъи ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон Республикасида 2017 йил 1 июнь кунидан ҳар бир туман, шаҳарларда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлар иш бошлади.
         Ҳозирги кунда ушбу Фармонга мувофиқ қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари фаолият кўрсатмоқда.
           Уларнинг фаолиятидаги мазкур Фармон асосида юз берган ихтисослашув фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

 

Қарши туманлараро
маъмурий суди раиси                                                                          А.Хушваков