Маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунининг ахамияти

        Қашқадарё автомобиль йўллари ҳудудий Бошқармасида Бошқарма ҳуқуқий тарғибот гуруҳи томонидан Қарши туманлараро маъмурий суди билан ҳамкорликда “«Маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунининг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси Акрам Муҳиддинов,шу суд ходими-судъя ёрдамчиси Тўлқин Бобоев,Қашқадарё вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги корхона ва ташкилотларининг ходимлари қатнашди.Давра суҳбатида мавзу юзасидан Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси Акрам Муҳиддинов маъруза килиб “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти тўғрисида тушунтириб ўтди.

           Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 8 январь куни имзоланган ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга кирган ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан,жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг қўлланилиш соҳасига кирувчи муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 Қонунга кўра, манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга таъқиқланади.

        Қонунда махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги кераклиги белгиланган.

         Қонунга мувофиқ, маъмурий органлар маъмурий иш юритишни қонун ҳужжатларида ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан амалга оширади.

          Мазкур қонун маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссияларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солади.

  Давра суҳбати эркин тарзда ўтказилиб, қатнашувчилар томонидан мавзу юзасидан,бундан ташқари маъмурий жавобгарлик,маъмурий суд ишларини юритиш каби масалалари юзасидан берилган саволларига батафсил жавоблар берилди.



Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                                           А.Мухиддинов