Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022-мўлжалланган давлат дастурининг аҳамияти ҳақида

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, нотариат ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, кўрилаётган тизимли чораларга қарамасдан, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди.

Давлат дастурида қуйидаги вазифаларни бажариш назарда тутилган, яъни: Давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ҳамда ходимларнинг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматлари (меритократия тамойили) асосида хизмат поғоналарида кўтарилиши, давлат хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш ҳамда уларнинг аниқ вазифаларини белгилаш;

Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини қабул қилиш;

Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилишини йўлга қўйиш;

Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш;

Давлат органлари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизимини яратиш;

Коррупциянинг олдини олиш ва унинг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларини бартараф этишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6257-сон Фармонига мувофиқ ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини самарали ташкил этиш мақсадида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда (кейинги ўринларда – давлат органлари ва ташкилотлари) ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши белгиланди.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул ҳисобланиши қайд этилди.

Шунингдек, Қарорда 2021 йил 1 декабрга қадар даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текширишнинг электрон ахборот тизимини яратиш, шунингдек, 2022 йил давомида уни солиқ, божхона, давлат кадастри ва бошқа тегишли органлар маълумотлар базалари билан интеграция қилиш
чораларини кўриш, 2022 йил 1 январга қадар мутасадди вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали интеграциялашган Коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизимини ишга тушириш белгиланган.

 

 

Қашқадарё вилоят маъмурий
судининг судьяси                                                                                             Б.Қиличов