Давлат хизматлари маркази ходимлари иштирокида онлайн шаклда семинар-тренинг ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори 5-бандининг биринчи хатбошисида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништирилишини таъминлаш мақсадида 2022 йил 7 май куни соат 11:00да онлайн шаклдаги семинар-тренинг ўтказилиб, ушбу тадбирда Қашқадарё вилоят маъмурий суди ва Қарши туманлараро маъмурий судининг судьялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси ва Давлат кадастрлари палатасининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ҳуқуқшунослари ва сохага оид мутахассис ходимлари вилоят маъмурий суди биносидан иштирок этишди.
Семинар-тренингни Судьялар олий мактаби директорининг ўринбосари Д.Исраилов кириш сўзи билан очди. Судьялар олий мактаби маъмурий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Д.Артиков “Маъмурий судлар фаолияти ва улариннг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли” мавзусида маъруза қилди.
Тошкент вилоят Нурафшон туманлараро маъмурий судининг судьяси “Давлат хизматлари соҳасида юзага келадиган низоларни судларда кўриш амалиёти” мавзусида маъруза қилди.
Маърузачилар маъмурий судлар фаолиятига, давлат хизматлари соҳасига оид маъмурий ишлар бўйича суд амалиёти ва кўрилаётган ишлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, муаммоли ҳолатларга тўхталиб ўтишди.
Шу жумладан, маърузачилар ҳуқуқни қўллаш амалиётида вужудга келаётган муаммолар юзасидан тадбир иштирокчиларининг саволларига тегишли жавоблар ва тушунтиришлар беришди.
Қашқадарё вилоят маъмурий
судининг судьяси Баҳриддин Ахмедов