Аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик жиноятлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг ўзига ҳос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилган. Ушбу ҳуқуқларнинг амалга оширилиши аёлларга эркаклар билан тенг асосда илм олиш, касб эгаллаш, меҳнат қилиш, хизмат пиллапояларидан кўтарилиш, ижтимоий-сиёсий ва маданий соҳаларда фаолият кўрсатиш имконини беради.
Аёллар республикамиз аҳолисининг 2021 йил январь ойи маълумотларига кўра 49,3 %ни ташкил этиб, улар эркаклар билан бир қаторда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, жумладан, илгари фақат эркакларга имтиёз берилган соҳаларда ҳам банддирлар.
Шу билан бир қаторда асосий Қомусимизнинг 45-моддасида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” деб белгилаб қўйилган.
Кейинги йилларда Республикасизда аёллар ва вояга етмаганларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”да нотинч оилалар фарзандлари, уюшмаган ёшлар, иш билан банд бўлмаган, “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолган йигит-қизларнинг хатти-ҳаракатларини назоратга олишда уларнинг ота-оналари масъулиятини ошириш, кашандалик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ва бошқа иллатлар профилактикаси каби долзарб вазифалар назарда тутилган. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига илғор иш усулларини жорий этиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик ташкил этишни тақозо этади. Бугунги кунда ҳудудларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жиноятларнинг содир этилиши сабаблари, шахсда ғайриижтимоий хулқ-атвор ва хусусиятларнинг шаклланишига ҳамда турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига, қонунга ёки қонун ижросига путур етказадиган, унга риоя қилишга тўсқинлик қиладиган омиллар оиладаги муҳит таъсирида юзага келади.
Зеро, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқишида оиладаги носоғлом ижтимоий-руҳий муҳит муҳим рол ўйнайди. Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва салбий иллатларнинг томири оилада шаклланади. Оила шахсни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, маънавий ва ахлоқий тарбиялаш, шахслар билан бўладиган ижтимоий муносабатлар жараёнида ўзини тутиш каби инсоний хусусиятларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда шахс ҳаёти ва соғлиғига қарши жиноятларнинг 40 фоизи, ҳар тўртта қотилликнинг биттаси, қасддан баданга шикаст етказишларнинг ҳар бештадан биттаси, ҳақорат қилиш ва туҳматнинг саккизтадан биттаси айнан оила-турмуш соҳасида содир этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг: “Оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда” деган фикрлари мавзунинг қанчалик долзарб эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Дунёдаги барча давлатларнинг миллий қонунчилигида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, хусусан шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берилган. “Инсон ҳуқуқлари” умумжаҳон декларациясида “инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги“ эътироф этилган. Зўравонликдан эркаклар ҳам жабрланиши мумкин, лекин хотин-қизларнинг зўравонликдан жабрланиш эҳтимоли юқорилиги, зўравонлик турлари, оғирлик даражаси ва келиб чиқадиган оқибатлар кескин фарқланишини инобатга олган ҳолда, сўнгги ислоҳотлар айнан уларни ҳимоя қилишга қаратилган. Мазкур муаммолар латент бўлиб қолишининг юқорилиги шундаки, жабрланувчилар ўзларига етказилган зарарни нормал ҳаёт деб тушуниши, оиласининг сири овоза бўлиб кетмаслиги ёки оила бузилиб кетмаслиги, ота-онаси, фарзандлари ёхуд турмуш ўртоғининг обрўсини тўкмаслик учун ҳеч қаерга мурожаат қилмайдилар.
Бугунги кунда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда шахсни зўравонликлардан, шу жумладан, оилада содир этиладиган жиноий зўравонликлардан ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамлаб қўйилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув оилани жамият асосидаги гуруҳ деб тан олади ҳамда шахсни оиладаги зўравонликлардан ҳимоя қилади.
Булар қаторига Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (1948), Таълим соҳасида камситишга қарши кураш тўғрисида Конвенция (1960), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт (1966), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро пакт (1966), Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (1979), Пекин декларацияси ва Харакатлар Платформаси (1995), Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция (1989) киради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчилик барча иштирокчи давлатлар учун, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.
Миллий қонунчилигимизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари устуворлик касб этади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида: “Ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас“, деб қайд этилган.
Сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, илгари “ёпиқ” бўлган зўравонлик мавзусини кенг ёритиш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунининг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасида никоҳ тузиш ихтиёрийлиги, 19-моддасида эса, эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши ва улар тенг мажбуриятларга эга эканлиги қайд этилган. 79-моддасида эса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида зўравонликнинг турлари учун жавобгарлик белгиловчи нормалар мавжуд. Зўравонлик йўли билан содир этиладиган жиноий қилмишлар амалдаги Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида белгиланган жазоларни қўллаш таҳдиди билан тақиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида шахснинг ҳаёти, соғлиғи, ор-номуси ва қадр-қимматини поймол этиш ва унга тажовуз қилишга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган. Қасддан одам ўлдириш (97-модда), Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш (103-модда), Қасддан баданга тан шикаст етказиш (104-105, 109-моддалар), Қийнаш (110-модда), Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), Жиноий равишда ҳомила тушириш, аборт (114-модда), Номусга тегиш (118-модда), Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда), Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш (127-модда), Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (129-модда), Зўрлик ишлатиб ғайритабиий равишда озодликдан маҳрум қилиш (138-модда) Аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда), Аёлни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш (121-модда 1-қисми), Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда).
Амалиётда кўп ҳолларда маъмурий жавобгарлик назарда тутилган туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган маъмурий ишлар судгача етиб бормасдан, ариза берган тарафни ўз аризасини қайтариб олишга ундаш ёки яраштириш билан якунлаш ҳолатлари мавжуд. Афсуски, бундай ҳолатларнинг мавжудлиги оила турмуш доирасидаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг ошиб кетишига олиб келмоқда. Бу эса айрим ҳуқуқбузар шахслар содир этган ҳатти-ҳаракатлари учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасдан қолишига ва уларда жазони муқаррар эмаслиги тўғрисидаги салбий тушунчаларнинг шаклланишига, энг ёмони шу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг такрорланишига олиб келмоқда.
Шундай экан, айбдор шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлаш жабрланувчининг кейинги тақдири ва ҳаётига таъсир кўрсатишини унутмаслик жоиз.
Қарши туманлараро
маъмурий суди судьяcи Муинов Бобир Баратович