Аёллар ва болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонликнинг олдини олишга қаратилган халқаро ва миллий қонунчилик
Бугунги кунда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда шахсни зўравонликлардан, шу жумладан, оилада содир этиладиган жиноий зўравонликлардан ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамлаб қўйилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув оилани жамият асосидаги гуруҳ деб тан олади ҳамда шахсни оиладаги зўравонликлардан ҳимоя қилади.
Булар қаторига Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (1948 йил), Таълим соҳасида камситишга қарши кураш тўғрисида Конвенция (1960 й), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт (1966 й), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро пакт (1966 й), Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (1979 й), Пекин декларацияси ва Харакатлар Платформаси (1995 й), Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция (1989 й) киради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчилик барча иштирокчи давлатлар учун, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.
Миллий қонунчилигимизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари устуворлик касб этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида: “Ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас“, деб қайд этилган.
Сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, илгари “ёпиқ” бўлган зўравонлик мавзусини кенг ёритиш имконини берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4235-сонли “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида“ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ-3808-сонли “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида“ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги ПҚ-3827-сонли “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4185-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги 3-сон Қарори ва бошқа ҳужжатлардан иборат.
Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунининг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасида никоҳ тузиш ихтиёрийлиги, 19-моддасида эса, эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши ва улар тенг мажбуриятларга эга эканлиги қайд этилган. 79-моддасида эса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида зўравонликнинг турлари учун жавобгарлик белгиловчи нормалар мавжуд. Зўравонлик йўли билан содир этиладиган жиноий қилмишлар амалдаги Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида белгиланган жазоларни қўллаш таҳдиди билан тақиқланган.
Қарши туманлараро маъмурий судининг судяси Л. Зайниддинова