Қашқадарё вилоят маъмурий суди ҳамда Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, туман бўлимлари масъул ходимлари иштирокида амалий-семинар машғулоти ўтказилди.

       Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Қашқадарё вилоят маъмурий суди томонидан “Суд ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш ва давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан судларга шикоят келтириш тартиби ҳамда ишларни кўришда юзага келаётган муаммолар” мавзусида амалий-семинар машғулоти ўтказилди.

      Мазкур амалий-семинар машғулотида вилоят, туманлараро судлари судьялари ҳамда Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, туман (шаҳар) бўлимлари масъул ходимлари иштирок этиб, суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этишда юзага келаётган айрим тушунмовчиликларнинг ечимини топиш, суд идоралари ва бюро масъул ходимлари ўртасида ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги хатолик ва муаммоларни бартараф қилиш мақсадида, ишларни тўғри ва қонунга бўйсунган ҳолда ташкиллаштириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

   Таҳлилларга кўра, жорий йилда Мажбурий ижро бюроси мансабдор шахсларининг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ жами 104 та (ўтган йили 82 та) маъмурий иш кўрилган бўлиб, кўрилган ишлар сони  ўтган йилга нисбатан 26 %га ўсган.

       Кўрилган ишлардан 42 таси (ўтган йили шу даврда 25 таси) қаноатлантирилган, 44 таси рад қилинган, 12 та ариза юзасидан иш юритиш тугатилган бўлса, 6 ариза кўрмасдан қолдирилган.

        Мазкур тоифа ишларни кўриш таҳлилидан келиб чиқиб ҳамда  бундай тоифадаги ишларнинг сони нисбатан кўпайганлигини инобатга олиб, суд қарорларининг ижроси барқарор таъминланиши, давлат ижрочиларининг ижро ҳужжатларини ижросини таъминлашда амалга оширган ҳаракат (ҳаракатсизлиги) ва қабул қилинаётган қарорларига баҳо беришда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.