Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорининг судлар сохасида тутган ўрни

         Ахборот-коммуникация технологияларини барча соҳаларга кенг жорий этиш, барча тармоқларни рақамлаштириш бугун давр талаби бўлиб турибди.

     Судларда ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси яна-да яхшиланади, 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич уланади. Бу орқали давлат органлари ва ташкилотларига маълумотларни электрон шаклда юбориш, улардан қабул қилиш, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни оввора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда бепул олиш имконияти яратилади.

        Мавжуд ахборот тизимлари негизида замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда янги дастурий платформа асосида ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплекцини яратиш кўзда тутилган бўлиб, унда суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланиб автоматлаштирилган равишда шакллантириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субйектлари томонидан ахборот тизими орқали жиноят ишлари бўйича судлар ва маъмурий судларга электрон мурожаат қилиш тизими, фуқаролар ва тадбиркорлик субйектлари учун ахборот тизимларининг мобил версиялари яратилади, судя ва суд ходимларини янгиликлардан ва судлар фаолиятига оид маълумотлардан хабардор қилиш модули жорий этилади, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда тақдим этиш имконини берувчи дастурий модул ишлаб чиқилади.

      Фуқароларнинг сарсонгарчилигини олдини олиш, уларнинг вақтини тежаш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий воситалар (гаджетлар)дан фойдаланган ҳолда суд мажлисларида иштирок этиш имконини берувчи мобил видеоконференсалоқа жорий этилади.

      Жазони ижро этиш муассасаларида видеоконференсалоқа тизими ўрнатилиб, судланувчиларни этап қилиш, жойлаш, суд мажлисларига олиб келиш ва олиб кетиш каби ҳаракатларга сарфланаётган бюджет маблағлари тежалади.

       Мазкур қарорга асосан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субйектлари билан электрон ҳамкорликни таъминлашга, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга, фуқароларнинг вақтини тежашга, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Қашқадарё вилоят маъмурий
 суди судьяси                                                                                             Б.Аҳмедов
Қашқадарё вилоят маъмурий
 суди АКТ бўлими бош консультанти                                                  Н.Азимов