Солиқ текширувига оид низолар бўйича тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 107-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилгандир.

      Тадбиркорлик субъектлари бошқа давлат органлари каби, солиқ органи қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузади деб ҳисоблаган ҳолатларда маъмурий судларга мурожаат қилишмоқда.

     Тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органи билан муносабатларда юзага келадиган низоларнинг аксариятини камерал солиқ текшируви қарорларидан норози бўлиб келтирилган аризалар ташкил қилади.

     Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 137-моддасига кўра, солиқ органлари учта турдаги, яъни камерал солиқ тешируви, сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудитини ўтказади.  Ушбу кодекснинг 138-моддасига кўра, камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.

     Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги 741-сонли қонуни билан Солиқ кодексининг 138-моддаси иккинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилиб, текширувдан олдинги таҳлил ўтказиш тартиби белгиланди.

     Текширувдан олдинги таҳлил — тақдим этилган солиқ ҳисоботини ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлилдир. Агар текширувдан олдинги таҳлил чоғида солиқ органи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар билан тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома юборилади. Солиқ тўловчи тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт. Бундай мажбуриятнинг бажарилмаганлиги солиқ органи томонидан солиқ тўловчида камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади.

      Қонунга киритилган ўгартиш мазмунидан кўриш мумкинки, мазкур таҳлил камерал солиқ текширувидан олдинги ҳолат бўлиб, солиқ тўловчига ҳисоботдаги тафовутларни яна бир бор аниқлаштириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда қонун бузилиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган фаолият ҳисобланади. Зеро, тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида келиб чиқаётган низолар ҳисоботлардаги тафовутлар сабабли келиб чиқади.

        Камерал солиқ текшируви билан боғлиқ муносабатлар юзасидан низоларнинг кўпайганлигини нималар билан изоҳланади? Бунга, биринчи сабаб солиқ тўловчининг солиқ кодекси билан белгилаб берилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмаслиги оқибатида, ўзининг ҳуқуқларидан фойдаланмаслиги ва мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги бўлса,  кейинги ҳолатда солиқ органи томонидан солиқ текширувларини ўтказишда қонун талабларига тўлиқ риоя қилинмаслиги сабаб бўлаётганлигини кўриш мумкин. Жумладан, солиқ тўловчи  шахсий кабинетига юборилган ҳужжатлар ёки хабарномани ўқиб кўрмаслиги, солиқ органи эса текширув материаллари кўриб чиқилиши ҳақида чақирув хати юборилиши билан чекланиб, ушбу жараёнда солиқ тўловчининг иштирокини реал таъминламаганлиги, пировардида солиқ тўловчи томонидан текширувга нисбатан эътироз билдирилмай қолиши ва эътирозлари ўрганиб чиқилмаслиги судда низоларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, Солиқ кодексининг 157-моддаси 5-қисмига кўра, солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиб таомилларини бузилган ҳолда қабул қилинган қарорлар юқори турувчи орган ёки суд томонидан солиқ органининг қарорини бекор қилиш учун асос  бўлиши мумкин. Шу сабабли, қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда қабул қилинган камерал солиқ текшируви ўтказиш ҳақидаги материални кўриб чиқиш ҳақидаги қарорлар маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда.

       Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, маъмурий судларнинг асосий вазифаси давлат органларининг қонунга зид қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракат, ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш орқали, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш баробарида, давлат органининг кейинги фаолиятидаги қонунбузилишларни олдини олишга қаратилгандир. Бу эса, ўз навбатида соҳадаги ислоҳатларнинг самарасига бевосита таъсир қилиб, давлат органлари мансабдор шахзсларининг қонунларга риоя қилишдаги масъулиятни ошишига, суд тартибида ҳал қилинадиган низоларнинг камайишига ва қонун устуворлигини таъминланишига хизмат қилади.



Қашқадарё вилоят

судининг судьяси                                                                            Баҳриддин Ахмедов