МУРОЖААТНОМА – ҲАР БИР СУДЬЯГА АЛОҲИДА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ

           Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва у орқали Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномасининг бутун мазмун-моҳиятини “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган концептуал ғоя ташкил қилади. Демак, одамларни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар мантиқий давом эттирилади. 

          Унда юртимиз равнақи билан боғлиқ жуда муҳим масалаларга жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. 

         Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида мустаҳкамланишини қатъий таъкидладилар. Бу билан инсон ҳуқуқлари Асосий қонунимиз даражасида янада қадр топиши назарда тутилмоқда. Хўш, бундан нимани тушунамиз? Нега айнан таълим ва суд-ҳуқуқ соҳасига бунчалик урғу берилмоқда? 

Жавоб оддий: инсон равнақининг асоси таълим, заволи эса суд-ҳуқуқ тизими остонасига олиб келади. Яъни, Президентимизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади” деган фикрларининг замирида фарзандларимизни ёшлигидан нафақат аниқ фанлардан таҳсил олиш, балки уларнинг қалб-кўзини очадиган, феъл-атворини, хулқини гўзал қиладиган маърифат ва зиё илмларини ҳам ўргатиб боришни мақсад қилганлар. Бу ишларнинг натижасида келажакда жиноятчилар эмас кўз кўрганда қувонадиган оқил ва содиқ инсонлар улғаяди. Суд-ҳуқуқ соҳасига қаратилган ислоҳотлари ва таклифлари орқали эса жаҳолатга ботган инсонларнинг илдизига болта урушни, уларни жамиятда устун бўлмасликларини, ёшларимизни эса улардан ўрнак олмасликларини олдини олишни кўзлаганлар. Бундан ташқари, уларни тўғри йўлга қайтариш борасида қилинаётган ишларни янада ривожлантиришга ҳам урғу берганлар.

       Халқимиз орасида таниш-билишчилик, порахўрлик ҳолатлари йўқ деб айтолмаймиз, албатта. Бу каби салбий иллатларнинг урчиб кетишига тўсқинлик қиладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органларининг орасида суд алоҳида аҳамият касб этади. Манфаатлари ва ҳуқуқлари топталган исталган аҳоли ёки хорижлик тадбиркор бўладими у ҳақиқат қарор топишида судга катта умидлар билан келади. Бу ерда ҳам мазлумнинг ҳаққи топталмаслиги учун нима қилиш керак? Бундай ҳолатда давлатимиз раҳбари айтгандек, илмни, маърифатни кучайтириш лозим. Лекин ўқиш каби ўқийдиган нарсаларимизни ҳам аниқ белгилаб олишимиз жуда муҳим. Ўқийдиган китобларимиз бизга қандай фойда келтиради? Ҳатти ҳаракатларимизнинг яхшиликка йўналишига ёрдам бериб, ичимизга ҳузур-ҳаловат, ишимизга завқ-шавқ бағишлай оладими, сизни фикран юксалтириб, қалбингизга эзгулик ва мардлик туйғуларини ўйғотадими, деган саволларга жавоб берадиган китоблар ҳақиқатан фойдали, деган номга лойиқ бўлади.

         2022 йил 23 декабрь куни Қашқадарё вилояти маъмурий судида судьялар ва судлар аппарати ходимлари билан биргаликда Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида маъмурий судларнинг олдига қўйилган янги вазифалар, хусусан “Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши” билан боғлиқ масалани атрофлича муҳокама қилдик. Бу янги амалиёт ҳар бир судьядан ҳоким қароридан норози бўлиб қилинган даъво аризаларни, мурожаатларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб, тегишли қонун суд ҳужжатларини чиқаришни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, судьялик фаолиятимизни самарали амалга оширишимизда янада катта масъулият юклайди.


Қашқадарё вилоят маъмурий

суди раиси вазифасини бажарувчи.                                           Бахтиёр Қиличов