Иқтисодий процессуал кодексининг асосий қоидалари ва Суд – ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун ва моҳияти
Ўзбекистонда суд – ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич, тадрижий йўл билан амалга оширилмоқда.
Мамлакатда фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қилиш даври бўлди. Ушбу даврда қонунчилик амалиётига биринчи марта жиноят ишларини суда кўриш жараёнига ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этиш институти киритилди.
Шулар қаторида мол-мулкни мусодара қилиш жазоси бекор қилинди. “Хабеас корпус” институти жорий этилиб, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди.
Ҳимоячининг ҳуқуқий мақоми такомиллаштирилиб, адвокатнинг ишда иштирок этиш тартиби енгиллаштирилди ва унинг ваколат доираси кенгайтирилиб, далиллар тўплаш ҳуқуқига эга бўлди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг амалдаги босқичда айни вақтга қадар, жумладан, судлар жиноят ишини қўзғатиш ҳуқуқига эга субъектлар доирасидан чиқарилди. “Хабеас корпус” институти кенгайтирилиб, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш судлар ваколатига ўтказилди. Суд мажлиси жараёнида айблов хулосаси суд эмас, прокурор томонидан ўқиб эшиттирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этиладиган иқтисодий жиноятлар учун тайинланадиган жазолар либераллаштирилди. Қонунчиликдан “Масъул мансабдор шахс” атамаси чиқарилди. Яна бир эътиборли натижа — “e-sud” миллий электрон судлов ахборот тизими муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди.
Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигини олдини олиш билан бир қаторда, судьялар иш хажмининг камайиши ва улар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг адолатли бўлишини таъминлайди.
Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди ҳамда маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилди.
Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилди.
Бир судда ишларни икки босқичда кўриш амалиётига бархам бериш мақсадида туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш ҳамда апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби жорий этилди.
Мазкур Фармонда назарда тутилган яна бир муҳим ўзгаришлардан бири Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркибининг ташкил этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафолати сифатида ташланган муҳим қадамларнинг бири саналади.
Бу ўзгариш шуни англатадики, 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган бўлса, эндиликда ишни судда тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади.
Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд-бир инстанция” тамойилини жорий этиш мақсадида суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинди.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.
Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги ПҚ-4818-сонли “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтиришга, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлашга, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратишга, судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтиришга, махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратишга, суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлашга, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтиришга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар моҳият-эътибори билан судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга, бир сўз билан айтганда, мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Қарши туманлараро маъмурий
суди судья ёрдамчиси А.Нигматуллаев