Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим

      Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уларни ишончли ҳимоя қилиш учун жамиятда энг аввало, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ислоҳ қилиш мақсадга мувофиқдир.

    Бу, энг аввало фуқароларнинг бу соҳада билим ва кўникмаларини шакллантириб, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олишга ҳам муҳим аҳамият касб этади.

      Шу сабабли, мазкур соҳани ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралда “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сонли Қарори қабул қилинди.

   Мазкур Қарор билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш мақсадида, бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури, унинг мақсад вазифалари ҳамда ушбу дастурни амалга ошириш бўйича 30 банддан иборат «йўл харитаси» тасдиқланди.

     Шунингдек, Қарор билан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этиш;

     2023 йил 1 июндан бошлаб ҳар йили «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар» миллий танлови ўтказиб бориш;

       2023 йил 1 апрелга қадар «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари», «Инсон ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари» туркум қўлланма ва рисолаларни тайёрлаш ва чоп этиш;

      2023 йил 1 мартдан бошлаб терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этиш;

     2023 йил 1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари)ни жорий қилиш белгиланди ҳамда мазкур ўқув курсларини Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформаси орқали ташкил этишга рухсат берилди.

     Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналишини ташкил этиш каби чора тадбирлар белгиланди.

      Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг ислоҳ қилиниши, бу соҳада нафақат таълимнинг бу соҳадаги ривожланишига, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишига хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.



Қашқадарё вилоят маъмурий

суди в.б раиси                                                                                            Б.Қиличов