Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.
Бу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилишга қаратилган, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб берувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси 2020 йил 22 июнь қабул қилинган эди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш билан бирга инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишларнинг мазмун моҳиятини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февраль кунидаги ПҚ-46-сонли қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг тасдиқланиши бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим қадам бўлди.
Миллий таълим дастурида қайд этилишча, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида олиб борилган мониторинг натижаларида таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқларини ўрганиш» махсус ўқув курсини ўқитиш тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, ҳатто мазкур фанлар мутахассис бўлмаган ўқитувчилар томонидан ўқитилаётганлиги, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйилмаганлиги, соҳадаги бу каби бошқа камчиликлар мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланишига, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларининг ошишига тўсқинлик қилаётганлиги, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этишга зҳтиёж мавжудлигини кўрсатган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида мазкур Дастур ишлаб чиқилган.
Дастурнинг асосий мақсади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифалари, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Дастурда ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш йўналишларида муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Қарши туманлараро маъмурий
судининг судьяси Л.С.Зайниддинова