МУРОЖААТНОМА – ҲАР БИР СУДЬЯГА АЛОҲИДА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ

           Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва у орқали Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномасининг бутун мазмун-моҳиятини “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган концептуал ғоя ташкил қилади. Демак, одамларни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар мантиқий давом эттирилади. 

          Унда юртимиз равнақи билан боғлиқ жуда муҳим масалаларга жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. 

         Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида мустаҳкамланишини қатъий таъкидладилар. Бу билан инсон ҳуқуқлари Асосий қонунимиз даражасида янада қадр топиши назарда тутилмоқда. Хўш, бундан нимани тушунамиз? Нега айнан таълим ва суд-ҳуқуқ соҳасига бунчалик урғу берилмоқда? 

Жавоб оддий: инсон равнақининг асоси таълим, заволи эса суд-ҳуқуқ тизими остонасига олиб келади. Яъни, Президентимизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади” деган фикрларининг замирида фарзандларимизни ёшлигидан нафақат аниқ фанлардан таҳсил олиш, балки уларнинг қалб-кўзини очадиган, феъл-атворини, хулқини гўзал қиладиган маърифат ва зиё илмларини ҳам ўргатиб боришни мақсад қилганлар. Бу ишларнинг натижасида келажакда жиноятчилар эмас кўз кўрганда қувонадиган оқил ва содиқ инсонлар улғаяди. Суд-ҳуқуқ соҳасига қаратилган ислоҳотлари ва таклифлари орқали эса жаҳолатга ботган инсонларнинг илдизига болта урушни, уларни жамиятда устун бўлмасликларини, ёшларимизни эса улардан ўрнак олмасликларини олдини олишни кўзлаганлар. Бундан ташқари, уларни тўғри йўлга қайтариш борасида қилинаётган ишларни янада ривожлантиришга ҳам урғу берганлар.

       Халқимиз орасида таниш-билишчилик, порахўрлик ҳолатлари йўқ деб айтолмаймиз, албатта. Бу каби салбий иллатларнинг урчиб кетишига тўсқинлик қиладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органларининг орасида суд алоҳида аҳамият касб этади. Манфаатлари ва ҳуқуқлари топталган исталган аҳоли ёки хорижлик тадбиркор бўладими у ҳақиқат қарор топишида судга катта умидлар билан келади. Бу ерда ҳам мазлумнинг ҳаққи топталмаслиги учун нима қилиш керак? Бундай ҳолатда давлатимиз раҳбари айтгандек, илмни, маърифатни кучайтириш лозим. Лекин ўқиш каби ўқийдиган нарсаларимизни ҳам аниқ белгилаб олишимиз жуда муҳим. Ўқийдиган китобларимиз бизга қандай фойда келтиради? Ҳатти ҳаракатларимизнинг яхшиликка йўналишига ёрдам бериб, ичимизга ҳузур-ҳаловат, ишимизга завқ-шавқ бағишлай оладими, сизни фикран юксалтириб, қалбингизга эзгулик ва мардлик туйғуларини ўйғотадими, деган саволларга жавоб берадиган китоблар ҳақиқатан фойдали, деган номга лойиқ бўлади.

         2022 йил 23 декабрь куни Қашқадарё вилояти маъмурий судида судьялар ва судлар аппарати ходимлари билан биргаликда Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида маъмурий судларнинг олдига қўйилган янги вазифалар, хусусан “Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши” билан боғлиқ масалани атрофлича муҳокама қилдик. Бу янги амалиёт ҳар бир судьядан ҳоким қароридан норози бўлиб қилинган даъво аризаларни, мурожаатларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб, тегишли қонун суд ҳужжатларини чиқаришни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, судьялик фаолиятимизни самарали амалга оширишимизда янада катта масъулият юклайди.


Қашқадарё вилоят маъмурий

суди раиси вазифасини бажарувчи.                                           Бахтиёр Қиличов

Маъмурий суд ишларини юритишда айрим муаммолар

           Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар маъмурий судга тааллуқлидир.

         Давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фао­лият­ни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари судда низо предмети ҳисобланади.

        Бундан ташқари маъмурий суд ишларини юритишда маз­кур шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан бир қаторда идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам предмет сифатида эътироф этилади. Маъмурий суд ишларини юритиш жараёнида аниқлаштирилиши талаб этиладиган тушунчалардан яна бири «маъмурий орган» тушунчасидир.

       «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига биноан маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлардир.

       Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар маъмурий орган сифатида қайд этилган.

Ҳозирги кунда маъмурий суд ишларини юритишда маъмурий органлар билан боғлиқ қуйидаги муаммолар мавжуд:

Биринчидан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддаси биринчи қисмига кўра, агар ушбу кодекс ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий орган, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.

       Амалдаги Фуқаролик кодексининг 150-моддасида умумий даъво муддати уч йил қилиб белгиланган.Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий суд, бошқалари фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.

       Аммо ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий суд, бошқалари иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

        Бундан кўринадики, низо маъмурий суд томонидан кўриладиган бўлса, унда судга мурожаат қилишнинг уч ойлик муддати қўлланилади. Агар қўшимча талаб бўлиб, у фуқаролик ишлари бўйича судда кў­риладиган бўлса, унда ўз-ўзидан уч йиллик муддат қўлланилади.Шунингдек, айнан бир хил низо бўйича маъмурий судда талаб шикоят шаклида қабул қилинса, фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси шаклида мурожаат этилади.

       Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега маъмурий ва фуқаролик судига тааллуқли бўлган талаб фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилади-ю иқтисодий судга тааллуқли талаб билан маъмурий судга тааллуқли талаб бирга кўрилиши мумкин эмас? Бундай номувофиқлик турли чалкашликларни кел­тириб чиқармоқда.

         Иккинчидан, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 86-1-моддасига асосан иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган иқтисодий судга ёки бўйсунув тартибида юқо­ри ту­рувчи ор­ганга, мансабдор шахсга ўн кунлик муддатда шикоят берилиши мумкин.

       Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ҳолларда давлат ижрочисининг қарори устидан қарор чиқарилгани ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда давлат ижрочиси жойлашган ердаги умумий юрисдикция судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга шикоят берилади. Қолаверса, давлат ижрочисининг қарорига қонунда белгиланган тартибда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин. Ушбу қонун талаби суд ишларини юритишнинг процессуал талабларига мос келмайди. Чунки давлат ижрочисининг ҳар қандай қарори, хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан бериладиган шикоятлар маъмурий судга тааллуқли ҳисобланади. Юқорида қайд этилган қонун талаби бўйича ҳозирда иқтисодий судлар томонидан берилган ижро варақалари бўйича қўзғатилган ижро иши юзасидан қабул қилинган давлат ижрочисининг қарори юза­сидан иқтисодий судларда низолашилаётган бўлса, айнан шу ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан амалга оширилган ҳаракатлар бўйича низолар маъмурий судларда кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари ҳозирги кунда суд тизимида «умумий юрисдикция судлари» мавжуд эмас. Учинчидан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 276-моддасига мувофиқ ижро варақаси фақат пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича маъмурий судлар томонидан берилади.

         Бошқа ажримлар (қарорлар) мажбурий ижрога тақдим этилмайди. Чунки судлар томонидан улар бўйича ижро варақаси берилмайди, шунингдек, маъмурий суднинг ажрими (қарори) ижро ҳужжати ҳисобланмайди. Кўриниб турибдики, маъмурий ишлар бўйича суд ҳужжатларининг ижро этилишига тўсиқ бўлаётган ҳуқуқий коллизия оқибатида кўпгина ҳужжатлар ижро этилмаяпти. Бу ҳол суд ишлари иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зиён етказмоқда.

        Маъмурий суд ишларини юритишдаги бундай муаммоларни ҳал этиш учун маъмурий судга мурожаат қилиш муддатини қайта кўриб чиқиш, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларини бир-бирига мувофиқлаштириш, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 86-1-моддасини янги таҳрирда қабул қилиб, бунда давлат ижрочисининг ҳар қандай қарори устидан бериладиган шикоятлар маъмурий судга тааллуқли экани ҳақидаги қоидани киритиш талаб этилади. Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 276-моддасига маъмурий суд томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай мулкий ва номулкий тусдаги ҳал қилув қарорлари бўйича ижро варақасини бериш ҳақидаги қои­дани киритиш мақсадга мувофиқдир. Бундай ўзгартишлар одил судлов самарадорлигини таъминлаши баробарида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга янада кенг имкон яратади.




Қашқадарё вилояти

маъмурий суди судьяси                                                                      Бахром Нармуратов

Перейти к содержимому