Маъмурий тартиб-таомиллар
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” Қонун 2018 йил 8 январда қабул қилинган. 7-боб, 88-моддадан иборат. Расман эълон қилинганидан сўнг 12 ойдан кейин қонуний кучга кирган.
Мазкур қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.
Қонун давлат органларининг идоравий ички муносабатларини эмас, балки фақат манфаатдор шахс ва маъмурий органлар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий муносабатларни маъмурий тартиб-таомил қоидалари асосида тартибга солади.
Маъмурий тартиб- таомилнинг маъноси, ўзи нима?
Маъмурий тартиб-таомиллар – маъмурий органларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар бўлиб, маъмурий органларнинг уларга хизмат юзасидан бўйсундирилмаган манфаатдор шахслар билан қонун нормаларига мувофиқ келиб чиқадиган муносабатларида давлат бошқаруви ваколатларини амалга ошириш орқали манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга соладиган процессуал қоидалардир.
Бунда маъмурий органлар дейилганда, маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар тушунилади.
Махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги керак.
Ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.
Қонун жисмоний ва юридик шахслар кундалик фаолиятида дуч келиши мумкин бўлган муҳим ҳужжатлардан биридир. Шунинг учун Қонундаги асосий принциплари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтиш лозим. Қонунда маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий 13 та принциплари белгилаб берилган:
Булар:
қонунийлик;
мутаносиблик;
ишончлилик;
тингланиш имкониятининг мавжудлиги;
маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги;
манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги;
бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги;
мазмунан қамраб олиш;
маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши;
тенг ҳуқуқлилик;
ишончнинг ҳимоя қилиниши;
маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги;
текшириш.
Қонунийлик принципи
Маъмурий тартиб-таомиллар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Мутаносиблик принципи
Маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.
Ишончлилик принципи
Маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади.
Манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, маъмурий орган уларнинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш учун чоралар кўради.
Маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслардан улар тақдим этган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонунда бундай талаб белгиланмаган бўлса, тақиқланади.
Тингланиш имкониятининг мавжудлиги принципи
Маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шарт.
Маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги принципи
Маъмурий тартиб-таомиллар очиқ, шаффоф ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозим.
Маъмурий органлар маъмурий тартиб-таомиллар ҳақидаги ахборотдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилишини таъминлаши шарт.
Манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги принципи
Маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган, қонун ҳужжатларининг бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари манфаатдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилинади.
Бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги принципи
Манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланади.
Агар манфаатдор шахс виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса ҳамда расмий қоидалар ва талабларнинг йўл қўйилган бузилишлари маъмурий ишни мазмунан тўғри ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, манфаатдор шахс томонидан расмий қоидалар ва талабларга риоя этилмаганлиги номувофиқ маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.
Мазмунан қамраб олиш принципи
Маъмурий органлар манфаатдор шахсларга илгари ушбу шахслар томонидан бошқа ҳаракатлар доирасида бажарилган талабларни қўйишга ҳақли эмас.
Агар маъмурий органга тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар маъносига кўра бошқа зарур ҳужжатлар мазмунини ўз ичига олса, ушбу ҳужжатлар қўшимча ёки алоҳида тарзда талаб қилиниши мумкин эмас.
Агар амалга оширилган маъмурий тартиб-таомил маъносига кўра бошқа маъмурий тартиб-таомилларни ўз ичига олса, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда улар ҳам амалга оширилган деб ҳисобланади.
Маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши принципи
Маъмурий органга маъмурий тартиб-таомилни амалга ошириш учун бошқа маъмурий органлардан ҳамда ўзга органлардан ҳужжатлар ва маълумотлар олиш талаб этилган ҳолларда, маъмурий иш юритиш «бир дарча» принципи бўйича амалга оширилиб, бунда маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз, идоралараро ўзаро ҳамкорлик воситасида олади, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Тенг ҳуқуқлилик принципи
Маъмурий органларга бир хилдаги ҳақиқий ҳолатларга эга маъмурий ишларни ҳал этишда тенг бўлмаган ёндашувни намоён этиш тақиқланади.
Ҳақиқий ҳолатлари бўйича жиддий фарқланадиган маъмурий ишларни бир хил тарзда ҳал этишга йўл қўйилмайди.
Маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) бир хил усулда амалга ошириши шарт. Ушбу қоида маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, шаклланган маъмурий амалиёт ўзгартирилишини истисно этмайди.
Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи
Виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади.
Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак.
Маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги принципи
Маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) қонун ҳужжатларида белгиланган доирада амалга ошириши шарт.
Маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатлар ва амалга оширилган маъмурий ҳаракатлар ушбу ваколатнинг мақсадига мос келиши керак.
Текшириш принципи
Маъмурий орган маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шарт.
Зарурат бўлганда, маъмурий орган манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғишга ҳақли.
Демак, Қонун билан бир қатор янги принциплар (мутаносиблик, бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслик, мазмунан қамраб олиш, текшириш) маъмурий амалиётга жорий этилганлигини кўришимиз мукин.
Шунигдек, Қонуннинг 2-моддасида: маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишга доир у ёки бу муносабатлар махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу Қонун нормалари қўлланилади деб белгилаб қўйилган.
Ушбу қонун бевосита жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган экан, ҳар бирадлия органи ходими унинг мазмуни ва моҳиятини тўлиқ англаб етиши лозим.
Қашқадарё вилоят
маъмурий суди судьяси Б.Нармуратов