Пенсия таъминоти бўйича кўриладиган низоларни ўзига хос хусусиятлари

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимларининг хатти-харакатларини ғайриқонуний деб топиш, иш стажларини унга тегишли эканлиги мажбуриятини юклаш деганда Ўзбекистон Республикаси Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 121-моддаси мазмунига кура, Қонун 37-моддасининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида йигирма йиллик иш стажи бўлган аёллар эллик тўрт ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши курсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 37-моддаси мазмунига кура, фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса иш стажига қўшиб ҳисобланиши курсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил
8 сентябрдаги “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 252-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” низомнинг 118-бандларга кура, агар ариза берувчи пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлгани ҳолда пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишда назарда тутилган зарур ҳужжатларни тақдим этмаса ёки тақдим этилган ҳужжатлар уларнинг асосланганлиги ва ишончлилиги юзасидан қўшимча текширишни талаб қилса, комиссия томонидан ариза берувчининг ёзма розилигига кўра шубҳа туғдирмайдиган мавжуд ҳужжатлар бўйича пенсия тайинланиши мумкин. Агар ариза берувчи шубҳа туғдирмайдиган мавжуд ҳужжатлар бўйича пенсия тайинлашга рози бўлмаса, комиссия ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тамом бўлгандан кейин пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги Кодексининг 185-моддасига кўра манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли: унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган; унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган; унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган; унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Ушбу кодекснинг 189-моддасига кўра суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги Кодексининг 115-моддасига кўра Суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган талаблар миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафга иш бўйича қилинган барча суд харажатларининг ўрни, гарчи бошқа тараф давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса ҳам ушбу бошқа тараф ҳисобидан қопланишини айтиб утди.

 

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                     Б.Умиров

Аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик жиноятлари  ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг  ўзига ҳос хусусиятлари

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилган. Ушбу ҳуқуқларнинг амалга оширилиши аёлларга эркаклар билан тенг асосда илм олиш, касб эгаллаш, меҳнат қилиш, хизмат пиллапояларидан кўтарилиш, ижтимоий-сиёсий ва маданий соҳаларда фаолият кўрсатиш имконини беради.

     Аёллар республикамиз аҳолисининг 2021 йил январь ойи маълумотларига кўра 49,3 %ни ташкил этиб, улар эркаклар билан бир қаторда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, жумладан, илгари фақат эркакларга имтиёз берилган соҳаларда ҳам банддирлар.

     Шу билан бир қаторда асосий Қомусимизнинг 45-моддасида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” деб белгилаб қўйилган.  

     Кейинги йилларда Республикасизда аёллар ва вояга етмаганларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

     Хусусан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”да нотинч оилалар фарзандлари, уюшмаган ёшлар, иш билан банд бўлмаган, “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолган йигит-қизларнинг хатти-ҳаракатларини назоратга олишда уларнинг ота-оналари масъулиятини ошириш, кашандалик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ва бошқа иллатлар профилактикаси каби долзарб вазифалар назарда тутилган. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига илғор иш усулларини жорий этиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик ташкил этишни тақозо этади. Бугунги кунда ҳудудларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жиноятларнинг содир этилиши сабаблари, шахсда ғайриижтимоий хулқ-атвор ва хусусиятларнинг шаклланишига ҳамда турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига, қонунга ёки қонун ижросига путур етказадиган, унга риоя қилишга тўсқинлик қиладиган омиллар оиладаги муҳит таъсирида юзага келади.

     Зеро, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқишида оиладаги носоғлом ижтимоий-руҳий муҳит муҳим рол ўйнайди. Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва салбий иллатларнинг томири оилада шаклланади. Оила шахсни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, маънавий ва ахлоқий тарбиялаш, шахслар билан бўладиган ижтимоий муносабатлар жараёнида ўзини тутиш каби инсоний хусусиятларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда шахс ҳаёти ва соғлиғига қарши жиноятларнинг 40 фоизи, ҳар тўртта қотилликнинг биттаси, қасддан баданга шикаст етказишларнинг ҳар бештадан биттаси, ҳақорат қилиш ва туҳматнинг саккизтадан биттаси айнан оила-турмуш соҳасида содир этилмоқда.

     Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг: “Оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда” деган фикрлари мавзунинг қанчалик долзарб эканлигини яққол кўрсатиб турибди.

     Дунёдаги барча давлатларнинг миллий қонунчилигида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, хусусан шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берилган. “Инсон ҳуқуқлари” умумжаҳон декларациясида “инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги“ эътироф этилган. Зўравонликдан эркаклар ҳам жабрланиши мумкин, лекин хотин-қизларнинг зўравонликдан жабрланиш эҳтимоли юқорилиги, зўравонлик турлари, оғирлик даражаси ва келиб чиқадиган оқибатлар кескин фарқланишини инобатга олган ҳолда, сўнгги ислоҳотлар айнан уларни ҳимоя қилишга қаратилган. Мазкур муаммолар латент бўлиб қолишининг юқорилиги шундаки, жабрланувчилар ўзларига етказилган зарарни нормал ҳаёт деб тушуниши, оиласининг сири овоза бўлиб кетмаслиги ёки оила бузилиб кетмаслиги, ота-онаси, фарзандлари ёхуд турмуш ўртоғининг обрўсини тўкмаслик учун ҳеч қаерга мурожаат қилмайдилар.

      Бугунги кунда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда шахсни зўравонликлардан, шу жумладан, оилада содир этиладиган жиноий зўравонликлардан ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамлаб қўйилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув оилани жамият асосидаги гуруҳ деб тан олади ҳамда шахсни оиладаги зўравонликлардан ҳимоя қилади.

     Булар қаторига Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (1948), Таълим соҳасида камситишга қарши кураш тўғрисида Конвенция (1960), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт (1966), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро пакт (1966), Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (1979), Пекин декларацияси ва Харакатлар Платформаси (1995), Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция (1989) киради.

       Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчилик барча иштирокчи давлатлар учун, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

       Миллий қонунчилигимизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари устуворлик касб этади.

     Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида: “Ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас“, деб қайд этилган.

     Сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, илгари “ёпиқ” бўлган зўравонлик мавзусини кенг ёритиш имконини берди.

     Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунининг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

    Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасида никоҳ тузиш ихтиёрийлиги, 19-моддасида эса, эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши ва улар тенг мажбуриятларга эга эканлиги қайд этилган. 79-моддасида эса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги белгиланган.

     Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида зўравонликнинг турлари учун жавобгарлик белгиловчи нормалар мавжуд. Зўравонлик йўли билан содир этиладиган жиноий қилмишлар амалдаги Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида белгиланган жазоларни қўллаш таҳдиди билан тақиқланган.

    Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида шахснинг ҳаёти, соғлиғи, ор-номуси ва қадр-қимматини поймол этиш ва унга тажовуз қилишга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган. Қасддан одам ўлдириш (97-модда), Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш (103-модда), Қасддан баданга тан шикаст етказиш (104-105, 109-моддалар), Қийнаш (110-модда), Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), Жиноий равишда ҳомила тушириш, аборт (114-модда), Номусга тегиш (118-модда), Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда), Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш (127-модда), Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (129-модда), Зўрлик ишлатиб ғайритабиий равишда озодликдан маҳрум қилиш (138-модда) Аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда), Аёлни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш (121-модда 1-қисми), Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда).

      Амалиётда кўп ҳолларда маъмурий жавобгарлик назарда тутилган туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган маъмурий ишлар судгача етиб бормасдан, ариза берган тарафни ўз аризасини қайтариб олишга ундаш ёки яраштириш билан якунлаш ҳолатлари мавжуд. Афсуски, бундай ҳолатларнинг мавжудлиги оила турмуш доирасидаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг ошиб кетишига олиб келмоқда. Бу эса айрим ҳуқуқбузар шахслар содир этган ҳатти-ҳаракатлари учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасдан қолишига ва уларда жазони муқаррар эмаслиги тўғрисидаги салбий тушунчаларнинг шаклланишига, энг ёмони шу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг  такрорланишига олиб келмоқда.

    Шундай экан, айбдор шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлаш жабрланувчининг кейинги тақдири ва ҳаётига таъсир кўрсатишини унутмаслик жоиз.



Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяcи                                                  Муинов Бобир Баратович

Тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимояси кафолатланган

     Тадбиркорлик субъектлари ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириши, уларга бу борада шароитлар яратилиши бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоясининг кафолатланиши тадбиркорлик субъектлари ривожи учун муҳим аҳамиятга эгадир.

     Зеро, тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши ва ривожланиши иқтисодий тарақққиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиб, бу масала мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўзагини ташкил қилади.

Давлатимиз раҳбарининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган тараққиёт стратегияси билан маъмурий судлар томонидан мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш алоҳида мақсад сифатида белгилаб берилди. Бу эса ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошишига хизмат қилади.

     Маъмурий судлар томонидан давлат органларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузадиган қарорлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари, ҳаракатсизлиги  шикоят аризалар асосида кўриб чиқилиб, қонунбузилишига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ва мансабдор шахсларнинг ҳаракат ёки ҳаракатсизлигини ғайриқонуний деб топиб, уларнинг ҳуқуқлари тиклашга оид суд амалиёти йўлга қўйилган.

Мисол тариқасида, Қарши туманлараро маъмурий суди томонидан 2022 йилнинг биринчи чорагида кўрилган “F.I.T.” МЧЖнинг аризасига асосан жавобгар Қашқадарё вилоят Давлат  солиқ бошқармасига нисбатан “Камерал солиқ текшируви  материалларини кўриб чиқиш тўғрисида” ги  қарорини ҳақиқий эмас, мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини  (ҳаракатсизлиги)ни  қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги аризаси юзасидан қўзғатилган маъмурий иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори билан ариза талаби қаноатлантирилган ва вилоят солиқ бошқармасининг қарори ҳақиқий эмас,  мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари  қонунга хилоф деб топилган.

     Мазкур иш жавобгар солиқ органининг шикояти асосида апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Қашқадарё вилоят маъмурий судининг қарорига асосан ўзгаришсиз қолдирилган.

   Ушбу мисолдан келиб чиқиб, суд амалиётида учраётган ҳолатларни таҳлил қилсак, Солиқ органи томонидан аризачи солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъекти билан битимлар тузганлиги, контрагентлар томонидан реализация қилинган товарларнинг кирим ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, яъни товарлар номутаносиблиги ҳолатлари аниқланганлиги каби ҳолатлар битимнинг кўзбуямачилиги деб баҳоланиб, қўшимча (қўшилган қиймат солиғи) солиқлар ҳисобланган.

    Ваҳоланки, битим ва шартномани қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган деб топишга агар солиқ тўловчининг ўзи бунга рози бўлиб, тан олмаган ҳолатда солиқ органининг ваколати бўлмаган.

Чунки, Солиқ кодексининг 14-моддаси 8-қисмида ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Солиқ кодексининг 14-моддаси 8-қисмида кўрсатилган бу қоида ушбу Кодекснинг 266-моддаси 15-қисмига ҳам тааллуқли ҳисобланади. Чунки, Кодекснинг махсус қисмидаги нормалар унинг умумий қисмидаги нормаларга зид бўлмаслиги керак.

Шунга кўра, Солиқ кодексининг 266-моддасида кўрсатилган ҳолатда ҳам агар солиқ тўловчи норози бўлганда, солиқ органи бир тарафлама солиқни ҳисобга олишни бекор қилишга ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақли эмас.

Юқоридаги қонун талабларига кўра, битимни қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган деб топиш фақат суднинг ваколатига киради.

Мисол келтирилган иш бўйича суд қарорлари билан тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган ва бузилган ҳуқуқлари тикланган.

     Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлик ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиниши уларнинг келгусида қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш баробарида, ўз фаолиятини ривожлантириш ва мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига қўшадиган ҳиссасини ошишига хизмат қилади.




Қашқадарё вилоят  маъмурий

судининг судьяси                                                              Баҳриддин Ахмедов

 

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш юксак босқичда

        Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг ҳақиқий маънодаги мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва одил судловни амалга ошириш, халқнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

         Жумладан, 2022 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–107-сонли қарори қабул қилинди.

         Мазкур қарор билан жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида қуйидагилар белгиланди.

        Жумладан, тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;

— давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

— давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

— давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллашчораларини татбиқ қилиш ҳам назарда тутилди.

       Бундан ташқари, қарорга мувофиқ, эндиликда аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатишни тақиқланади. Аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилади. Бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлганда уларни бирлаштириш тақиқланади.

         Қисқа қилиб айтганда, мазкур қарор судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ҳамда бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда уларнинг ҳақиқий кўмакчисига айланишига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.




Қарши туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                                  Л.С.Зайниддинова

Тадбиркорлар эндиликда суд ҳимоясида

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан келгусида тадбиркорларга бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилмоқда, буни қонунларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда ушбу нормаларни амалиётга тадбиқ этилаётганлигида кўриш мумкин.

     Буни мисол тариқасида кўрадиган бўлсак.

Жумладан, “А” МЧЖ судга ариза билан мурожаат қилиб, Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармасининг “Камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар материалларини кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

     Аризачининг мазкур талаби Қарши туманлараро маъмурий суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, аризачи “А” МЧЖнинг аризаси қаноатлантирилиб, Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармасининг қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари суд томонидан тикланди.

     Хусусан, солиқ органи томонидан жамиятда ўтказилган текширишда бир қатор процессуал қоидаларга риоя қилинмасдан, текшириш ҳужжатлари кўриб чиқилишда тадбиркорнинг иштироки таъминланмасдан, ҳужжатлар уларга таништирилмасдан, барвақт хулосага келиши оқибатида, тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилган.

   Мазкур ҳолатда, солиқ органлари йўл қўйилган қонун бузилишлар юзасидан прокуратура органларига хусусий ажрим чиқариш билан муносабат билдирилган.

Тараққиёт стратегиясининг 15-мақсадда, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш белгилаб берилди.

   Юқоридаги мисолдан кўриш мумкин-ки, маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштирилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари суд орқали тикланмоқда.



Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                        А.Р.Мухиддинов

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида, сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилади.

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

    1.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ-3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинган.

     2.Қуйидагилар суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланган:

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;

судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;

махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.

      3.Қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқланган:

2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.

       4.Қуйидагиларни назарда тутувчи Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқланган:

28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;

судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;

муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;

судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;

судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш.

Белгилансинки, Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.

       5.2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилган:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

        6.Олий суд 2020 йил якунига қадар, суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқсин ва уни амалиётга жорий этиш;

Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жазони ижро этиш муассасаларида махсус хоналарни маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўриш.

        7.Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг 2022 йил 1 январдан бошлаб Судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар томонидан электрон мурожаат қилиш, суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифаларни ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танлаш;

Судьялар олий мактабига унинг расмий веб-сайти орқали ариза ва мурожаатларни йўллаш, профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини электрон тарзда шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартибини ўрнатиш.

        8.«UNICON.UZ» фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази» давлат унитар корхонаси ҳамда унинг ташкилий тузилмасидаги корхоналар зиммасига суд ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилиши режалаштирилган ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш вазифалари юклатилган.

Белгилансинки, ахборот тизимларини ишлаб чиқиш Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактабининг буюртмаси асосида доимий равишда «UNICON.UZ» фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази» давлат унитар корхонаси ҳамда унинг ташкилий тузилмасидаги корхоналар томонидан амалга оширилади, уларни ишлаб чиқиш учун шартномалар белгиланган тартибда тузилади ҳамда шартнома нархи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланган ўртача бозор нархи асосида шакллантирилади.

        9.Ҳудудларда судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари бириктириш.

Олий суд Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йил учун судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш юзасидан ҳудудлар кесимида тармоқ жадвалларини тасдиқлаш.

         10.Судьялар олий мактаби бир ой муддатда судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича ташкил этилган таълим йўналишларининг ўқув дастурларига судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимларидан фойдаланиш бўйича алоҳида ўқув модулини кириш.Суд тизими учун дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси, Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси, халқаро грант, донор ташкилотлар ва хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;

         11.судлар фаолиятини рақамлаштиришда зарур компьютер, сервер ва бошқа ускуналарни харид қилиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси, халқаро грант, донор ташкилотлар ва хорижий ҳамкорларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

          12.Мазкур қарорнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида: Олий суд раиси (К. Камилов) ва Судьялар олий кенгаши раиси (Х. Ёдгоров) Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари йиғилишида ҳамда халқаро анжуманларда суд ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этиладиган ахборот тизимларининг одил судловга эришиш даражасини оширишдаги аҳамиятини муҳокама қилсин, шунингдек судьялар ва судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш чораларини кўриш;

Олий суд раиси (К. Камилов), ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири (Ш. Садиков) Дастур ва «Йўл харитаси»да белгиланган чора-тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиялаштирилишини таъминлаш;

инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари (Л. Қудратов) Олий суд раиси (К. Камилов) билан биргаликда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича қарорда белгиланган лойиҳалар ва тадбирлар ижросини таъминлаш учун халқаро грант, донор ташкилотлар ва хорижий ҳамкорлар маблағларини жалб қилиш чораларини кўриш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси ― IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи (О. Умаров) Дастур ва «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига кўмаклашиш;

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори (А. Ходжаев) Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания ва «Дунё» ахборот агентлиги билан биргаликда аҳоли, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамжамияти орасида суд ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилган ахборот тизимлари ҳамда ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирлар ҳақида кенг тарғибот ишларини, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида ижтимоий роликларни мунтазам равишда жойлаштириш чораларини амалга ошириш Олий суд, Судьялар олий кенгаши мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чоракда ахборот бериб бориш.Олий суд манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш белгиланган.



Қарши туманлараро

 маъмурий суди судьяси                                                                           Б.Уралов

Давлат органлари билан муносабатларда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари

     Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида:

  1. Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинган.
  2. Олий суд Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган қуйидаги тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини:

     маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;

ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;

     оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш.

  1. Жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида мазкур қарорнинг 2-бандига асосан процессуал қонун ҳужжатларида белгиланаётган тартиблар доирасида қуйидагилар назарда тутилган:

    тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;

    давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

     давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш.

  1. Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқулланган:

    судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш;

     маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш;

    бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш.

  1. Олий суд манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

    икки ой муддатда судлар томонидан даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш бўйича «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини;

     уч ой муддатда оммавий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш бўйича ижобий халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини;

    бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларнинг киритилишини таъминлаш бегиланган.

 

 

 

Қарши туманлараро

Маъмурий суди раиси                                                                               А.Хушваков

  

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш

    Бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш мақсадида:

  1. 2021 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги қўшимча чоралари жорий этилган:

а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан :

     Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда, тақдим этилади;

  «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилади;

  тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликлар кредит шартномалари сонидан қатъи назар берилади. Бунда, компенсациялар тақдим этилаётган кредитларнинг умумий суммаси 10 млрд сўмдан, кафилликларнинг умумий суммаси эса 8 млрд сўмдан, бироқ умумий кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим;

  б) Экспортни рағбатлантириш агентлиги экспорт қилувчилар томонидан товарлар улар бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан экспорт қилинганда, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитларни молиялаштиришга тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этади. Бунда, ушбу ресурслар ҳисобидан кредитлар тўловлар кечиктирилган муддатга ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, бироқ 3 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда, йиллик 4 фоизли ставка (шундан, 2 фоизи банк маржаси) билан ажратилади.

  1. Якка тартибдаги тадбиркорлар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллик ва компенсацияларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги маълумот учун қабул қилинган.
  2. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг 70 фоизи кичик бизнес лойиҳаларига, 30 фоизи устувор равишда ўзини ўзи банд қилишга (томорқадан унумли фойдаланиш, уй шароитида ҳунармандчиликни ва касаначиликни ривожлантириш) йўналтирилган. Бунда, ажратиладиган маблағларнинг камида 15 фоизи жойларда, айниқса шаҳарларда хизмат кўрсатиш соҳасида кичик лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилади.
  3. халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкасига мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқини аукционга қўйишда уларнинг бошланғич нархини 50 фоизгача камайтириш ваколати;

    Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига ер участкасига мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқини аукционга қўйишда бошланғич нархга чегирма белгиланадиган олис ва чекка ҳудудлар чегараларини белгилаш ваколати берилган.

  1. 2021 йил 1 июндан бошлаб инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали ажратишга рухсат берилган.
  2. Бош вазир ўринбосарлари Ж. Қўчқоров ва Ш. Ғаниев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 15 майга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини хатловдан ўтказган ҳолда саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратиладиган унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерлари рўйхатини шакллантирган ҳамда уларнинг аниқ чегараси ва майдонини кўрсатган ҳолда ҳар бир туман кесимида тасдиқланишини таъминланган.
  3. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд шаҳарлари, Ургут ва Ғиждувон туманларида замонавий савдо ва саноат ҳудудларини ташкил этиш, уларда савдо-ишлаб чиқариш объектларини қуриш ва сотиш учун инфратузилма мавжуд бўлган камида 20 гектар майдондан ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига аукцион орқали (шу жумладан, тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ҳамда аукционни ягона иштирокчи билан ўтказишга рухсат берган ҳолда) ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилган.

   Бунда, савдо ва саноат ҳудудларини ташкил этишнинг асосий шарти биноларнинг биринчи қаватида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, юқори қаватларида ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш ҳисобланади.

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021-2022 йиллар давомида камида 500 та маҳалла фуқаро йиғинларининг эски биноларини давлат-хусусий шериклик асосида замонавий кўринишда қайта қуриш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан келишувга эришилишини таъминланган.

   Бунда, 1 қаватли бино ўрнига 2-3 қаватли бино қурилиши, унинг 2 ва 3-қаватларида кичик ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил қилиш учун текин фойдаланиш асосида 30 йилга тадбиркорлик субъектининг ихтиёрида қолдирилишини назарда тутилган.

  1. 2021 йил 1 июндан бошлаб уч йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш;

    уч йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

   Бунда, ушбу тартиб бўйича гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ ёки тўловлар суммаси тадбиркорлик субъекти томонидан охирги уч йил давомида тўланган солиқ ёки божхона тўловлари суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.

     Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда мазкур банддан келиб чиққан ҳолда солиқлар ҳамда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашнинг вақтинчалик тартибини тасдиқланган.

  1. 2021 йил 1 майдан бошлаб чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар ва «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импорт қилувчилар учун қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари икки бараварга камайтирилган.

    2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилган ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланган.

  1. Белгилансинки, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб ижро ишини юритиш доирасида қарздордан ундирилган пул суммалари ижро ҳужжатлари бўйича барча талабларни қаноатлантириш учун етарли бўлмаган тақдирда, бюджетга тўловлар бўйича талаблар, кредиторларнинг қарздор мол-мулки билан таъминланмаган талаблари, шу жумладан қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган мол-мулкни реализация қилишдан тушган сумма етарли бўлмаганлиги туфайли қаноатлантирилмаган талаблари бир навбатда (тўртинчи навбатда) қаноатлантирилади.

    Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Вазирлар Маҳкамаси ва манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартиришларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилишини таъминланган.

  1. Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан эксперимент ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи фаолиятини тугатиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

    Инвесторга ер участкасини дастлабки захиралаш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинмаган инвестиция лойиҳалари бўйича Ишчи гуруҳ қарорлари бекор қилиннган.

  1. Қурилиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Автомобиль йўллари қўмитаси уч ой муддатда транспорт мақсадларига мўлжалланган ерлар, сув объектлари, гидротехника иншоотлари, магистрал қувурлар, электр тармоқлари объектларининг муҳофаза зонаси чегараларини белгилаш параметрларини уларнинг мақбуллаштирилишини назарда тутган ҳолда қайта кўриб чиқган ва Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилган.
  2. Кадастр агентлиги 2021 йил 1 сентябрга қадар жисмоний ва юридик шахсларга «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифларни киритиш, шунингдек, ер участкасини танлаш материалларини келишиш жараёнини кузатиш имконини берувчи мобил илова ишга туширилишини таъминланган.
  3. Қурилиш вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан тадбиркорлик мақсадида фойдаланиш, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсат этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
  4. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

   икки ой муддатда енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шохобчаларини аукцион савдолари орқали жойлаштириш тартибини жорий этиш;

    бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритган.

      Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров, С.Ў. Умурзаков ва Ш.М. Ғаниев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгиланган.

 
 
Қарши туманлараро
 маъмурий суди судьяаси                                                                           Б.Уралов
 
Перейти к содержимому